Мавзу: Қарз шартномаси тушунчаси ва тузиш тартиби

Қарз шартномаси ҳали кишилик жамиятидаги ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатлар у қадар ривожланмаган пайтлардаёқ, муайян муддатга моддий ашёларни қайтариш шарти билан бериб туриш тарзида шаклланган эди. Қарз шартномасининг дастлабки ҳуқуқий белгилари қадимги Римда яратилди. Пул ихтиро қилиниши билан қарз шартномаси ўзининг ҳозирги кўринишини олган. Эндиликда қарз деганда, муайян муддатга қайтариш шарти билан пул бериб туриш тушунилади. Шу тариқа қарз беришга нафақат, ўзаро ёрдам ва ишончнинг тури, балки фойда кўриш воситаси сифатида ҳам қарала бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасида қарз шартномаси ва унинг тушунчаси нормаланган бўлиб қарз шартномаси ҳам мажбуриятнинг бир туриб бўлиб фуқаролик муомаласида кенг тарқалган ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади. Қарз шартномаси мулк ҳуқуқини бир шахсдан иккинчи шахсга ўтадиган шартномалар туркумига киради ва ўзининг тузилиши жихатидан бошқа битимлардан ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Қарз шартномаси деб шундай шартномага айтиладики, бунга асосан бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баровар ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади. Шартномани таьрифидан маьлум бўлдики пул маблағи ёки ашё бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиб ҳуқуқ ва бурчларни вужудга келтиради.
Фуқаролик муомаласида оддий қарз шартномаси кенг тарқалган қарз шартномасининг турларидан биридир. Чунки қарз олувчи қарз берувчидан кўпгина ҳолларда шахсий истеъмоли учун қарз олади ва келишилган муддатда қайтаради. Қарзни қайтармаслик мусулмон ҳуқуқида оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда фуқаролар ўртасида тижоратни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун қарз олди-бердиси ҳам амалга оширилиб келмоқда қарзнинг бу тури оддий қарз эмас балки қарз капитали сифатида талқин қилиниши лозим бўлади. Чунки қарзга олинган пул воситасида ёки махсулот (товар) ишлаб чиқарилади ёки қўшимча пул маблағи орттирилади. Пул эгаси учун қарз олувчи пулни қандай ишлатишининг ҳеч бир аҳамияти йўқ, у қарз ҳақини (фоизларни) олса бўлди.
Қарз шартномаси фуқаролар ўртасида агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бароваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклида тузилиши, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, қарз суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт бўлиб, мазкур турдаги шартномалар нотариал идоралар томонидан расмийлаштирилади.
Қарз шартномасининг оддий ёзма шаклига амал қилмаслик шартноманинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Яъни, қарзга олувчи шартнома шартларини бажармай, қарз суммасини қайтаришдан бош тортган тақдирда, тегишли суд идораларига даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилишига олиб келишини тушуниш лозим.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексига кўра қарз шартномасини ўзгартирилиши ва бекор қилиниши шартномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш бўйича берилган нормалар асосида амалга оширилади. Яьни қарз шартномаси ҳам тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ва суд тартибида ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича
Денов туманлараро суди судья ёрдамчиси
Ш.И.Абдимуминов




