НОГИРОНЛАР УЙИНИ ОЛГАН АЁЛ ФАРЗАНДИ НОГИРОН БЎЛИБ ТУҒИЛДИ
Президентимиз ташаббуси билан оиласида ногиронлиги бўлган шахслар учун арзон уй-жойлар қурилди ва қурилмоқда. Мана шу уйлар учун бошланғич тўловни давлат томонидан тўлаб бериляпти. Бошланғич тўлов олтмиш миллион сўм! Қолганини уй эгаси ва уларнинг оила-аъзолари 15 йил давомида тахминан ойига бир миллион сўмдан тўлаб боришади. Шу пулга 2 сотих томорқаси билан замонавий уй берилади.
Вилоятимиздаги туманлардан бирида бир аёл ўзига қандайдир йўллар билан ногиронлик тўғрисида ҳужжат тайёрлаб, ҳокимият идорасига жанжал қилавериб охири ногиронлар учун қурилган уй-жойлардан битта уйни олди. Аслида ўзи ҳам, оиланинг бошқа аъзолариям ногирон эмас эди, лекин имтиёзли уйни олди. У аёлга таниш-билишлари соғлом кишининг ногиронлар уйини тортиб олиши дуруст эмаслигини тушунтирмоқчи бўлишганда, у: “Қўлларингдан келганда ўзларинг ҳам олардиларинг!” дея ўзини олғир, ўзгаларни ландавурга чиқарди. Аёлнинг қувончи узоққа чўзилмади, Аллоҳ уни шу уйга муносиб қилиб қўйди-унинг оиласида ногирон фарзанд туғилди.
Аёл фарзандини Тошкентгача олиб бориб текширтирди. Ҳеч ким касалликнинг сабабини аниқлай олмади. Шифокорлар ўз фикрини айтишди, “лечения” ёзиб беришди. Бола эса оёқ-қўлларини қимирлата олмайди, шол. Аёл ногирон боласига термулиб куни ўтмоқда. Энди у ҳеч жойга шикоят қилмаса ҳам унинг фарзанди ногиронлиги учун ҳар ойда давлат томонидан тўланадиган нафақа уйига келтириб берилмоқда.
Давлатимиз ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилади-да!
Истак Алимов