Madaniyat

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури: 2020 йил биринчи ярим йиллик ислоҳотлари шарҳи янги Қонунлар асосида

2020 йил мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниб, мазкур йўналишда кенг қамровли Давлат дастури амалга оширилди. Дастур доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди. 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу йўналишда 2 та Қонун, 4 та Президент Фармони, 1 та Президент Қарори ва 1 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниши ислоҳотларнинг тизимли ва изчил амалга оширилганини кўрсатади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги муҳим қадамлардан бири — прописка тизимини ислоҳ қилиш бўлди. Аввалги тартибдаги чеклов ва ортиқча бюрократик талаблар аҳоли учун муайян қийинчиликлар туғдириб келаётган эди. Шу муносабат билан «Давлат божи тўғрисида»ги ҳамда «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, Президентнинг доимий прописка ва турган жой бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилишга қаратилган Фармони қабул қилиниб, Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартишлар киритилди.

Ислоҳотлар натижасида “доимий прописка” атамаси ўрнига “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаси жорий этилди. Бу ўзгариш фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Эндиликда фуқаролар нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган бошқа уй-жойларга ҳам доимий рўйхатга туриши мумкин бўлди.

Шу билан бирга, патронат тарбиясига олинган болаларни тутинган ота-онанинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби белгиланди. Оилавий муносабатларга оид айрим чекловлар ҳам бекор қилинди: никоҳдан кейин 1 йил биргаликда яшаш шарти ва никоҳ 1 йил ичида бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқарилди. Бу ўзгаришлар оила институтини ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида камида 5 йил узлуксиз меҳнат фаолиятини олиб бораётган мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш имконияти яратилди. Бу эса малакали кадрларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилди.

Умуман олганда, 2020 йилдан 2025 йилга қадар амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва ҳуқуқий давлат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим босқич бўлди. Давлат дастури доирасидаги мазкур чора-тадбирлар жамиятда адолат, очиқлик ва эркинлик муҳитини янада кучайтиришга замин яратди.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сарисоиё туманлараро судининг судьяси

Худойқулов Умедилло Равшанович

Related Articles

Back to top button