Ўзбекистон — 2030 стратегияси: ПФ–158 фармони орқали инсон қадри ва барқарор тараққиётга йўналтирилган янги давлат сиёсати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–158-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси давлат тараққиётини узоқ муддатли режалаштиришга қаратилган, мазмунан чуқур ва амалий аҳамиятга эга бўлган стратегик ҳужжатдир. Мазкур Фармон Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғоясини аниқ мақсадлар, устувор йўналишлар ва аниқ вазифалар билан бойитиб, мамлакатни барқарор ривожланиш йўлига олиб чиқишни кўзда тутади. У жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган ҳолда, ислоҳотларни тизимли ва изчил амалга ошириш учун ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.
ПФ–158 Фармонида давлат сиёсатининг марказига инсон қадрини қўйиш асосий тамойил сифатида белгилаб берилган. Фармонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, адолатли суд-ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини ҳаётнинг барча жабҳаларида таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса давлат идоралари фаолиятини халқ манфаатларига хизмат қилувчи самарали механизмга айлантиришга қаратилганини англатади.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида иқтисодий тараққиётга оид вазифалар ҳам чуқур таҳлил асосида белгилаб берилган. Иқтисодиётни рақобатбардош қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, инновацион ва рақамли технологияларни жадал жорий этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш стратегиянинг муҳим йўналишларидандир. Шу билан бирга, инвестиция муҳитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш орқали аҳоли даромадларини ошириш асосий мақсад сифатида белгиланган.
Фармон ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган вазифаларни ҳам ўз ичига олади. Таълим ва илм-фан сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини замонавий талаблар асосида ислоҳ қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш орқали жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш кўзда тутилган. Айниқса, ёшларнинг интеллектуал ва касбий салоҳиятини ривожлантириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
ПФ–158 Фармонининг муҳим жиҳатларидан бири — давлат бошқарувини ислоҳ қилишга қаратилганидир. Унда очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик принципларини кучайтириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш вазифалари белгилаб берилган. Бу орқали давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини амалий мазмун билан бойитиш мақсад қилинган.
Шу ӯринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–158-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам ҳуқуқий ва стратегик асосидир.
У мамлакатни жадал, барқарор ва адолатли ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ҳамда келажак авлодлар учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга қаратилган улкан мақсадларни ўзида мужассам этган тарихий аҳамиятга эга ҳужжат сифатида хизмат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг раиси
Номозов Музаффар Эргашович




