Хитойда 9,4 минг долларлик BYD Seagull Ўзбекистонда 15 минг доллардан сотиладими?
Сурат интернетдан олинган.
BYD’нинг расмий дилерлигини тамсил этувчи тармоқларда Seagull электромобили билан боғлиқ роликлар (1 , 2 ) «яқинда шаҳар йўлларида» анонси билан берила бошлади.
Бу дегани, олиб-сотар чайқовчиликни ўз назоратига олаётган компания яқин орада Seagull’нинг расмий сотувларини бошлайди.
Маълумот учун Seagull нархи Хитойда 9 400 доллардан бошланади, хусусий тадбиркорлар келтириб 12 000 доллардан сотишмоқда. Расмий чайқовчи E2 моделини хусусий тадбиркорлардан кўра 3 100 доллар қимматига сота бошлаганидан келиб чиқилса, Seagull’ни ҳам камида 15 000 доллардан бошлаб сотишлари эҳтимоли юқори.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган BYD’лар чет элдан олиб келинаётган маҳсулотлардан арзон бўлади, дея интервью берганди 2 ой аввал “BYD Uzbekistan Factory” раҳбари. Лекин бундай баёнотларнинг қанчалик ёлғон ёки рост эканини, масалан, Жиззахда йиғилаётган BYD Song Plus Champion DM-i нархлари мисолида ўзингиз солиштириб кўришингиз мумкин.