Kasbim-faxrim

Ўзбекистон қонунчилигида маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги тизимида маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси мавжуд бўлиб, бу тушунча бевосита фуқаро, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда юзага келади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси бу — маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизликдир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикасида 1994 йилда қабул қилинган “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс” билан белгиланган. Бу кодекс жавобгарликни белгилаш билан бирга жамиятнинг ҳуқуқий онги ва фуқароларнинг қонунларга риоя қилишига хизмат қилиб келмоқда. Бунга кўра, ҳуқуқбузарлик содир қилган шахсга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”да белгиланган

-жарима

-маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш

-маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш

-муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш

-ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш

-маъмурий қамоққа олиш

-чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш каби асосий ва қўшимча жазолар қўлланилиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ўзининг кам аҳамиятлиги жиҳатидан жиноий жавобгарликдан фарқ қилади, бу қонун фақат уни ҳуқуқий жиҳатдан бевосита татбиқ этувчиларгагина эмас, шу билан бирга фуқаролар учун ҳам тушунарли бўлиб, улар томонидан идрок этилсагина, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг кенг амалиётига кириб борсагина самарали бўлади. Шу билан бирга, тажрибаларнинг кўрсатишича, янги қонунни оммавий равишда эгаллаш учун муайян вақт талаб қилинади. Мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар жамият ҳуқуқий онгининг мукаммал даражада бўлишини талаб қилмоқда. Ҳуқуқий онг бу — шахснинг онгига ва жамият ғояларига сингиб борувчи ҳуқуқдир. Ҳуқуққа ва қонунийликка нисбатан маънавиятнинг эътиқоди, тасаввурлари, баҳолари, ҳис-туйғулари ва бошқа таркибий қисмлари тизими ҳисобланади. У давлат ва жамият томонидан тартибга солувчи таъсир кўрсатишга энг кам даражада намоён бўлади. Масалан: давлатда янги қонунни тезлик билан қабул қилиш мумкин ёки қисқа вақт ичида бир давлат органини ташкил қилиш мумкин, лекин инсоннинг ҳуқуқий онгини тезда ўзгартириб бўлмайди. Маъмурий жазо шахсга нисбатан қўлланилганда, аввало, унинг мақсади маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш учун қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг жавобгарлиги доирасида уларга нисбатан мажбурлов чоралари ҳам қўлланилади. Масалан, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда, давлат санитария назорати органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилади, бу чора ўттиз суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади ҳамда давлат санитария назорати органлари томонидан белгиланган жойларда ижро этилади, бундан ташқари, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва миллий гвардияси органлари томонидан таъминланиши белгиланган.

Юқорида баён этилганлардан хулоса қиладиган бўлсак, агар ҳар бир фуқаро Конституция ва қонунларга риоя қилиб, уларга ҳурмат рухида бўлса, жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка сезиларли даражада бархам берилади.

Сурхондарё вилоят суди

судья катта ёрдамчиси     Ж.Маматалиев

Related Articles

Back to top button