O`zbekiston

Мавзу: Ўзбекистон Республикаси Янги таҳрирдаги Конститутция мазмун-моҳияти

“Янги Ўзбекистон-ҳуқуқий демократик давлат: инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари” тўғрисида.

Ўзбекистон Республикаси Янги таҳрирдаги Конститутциясида моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. Умуман олганда Конститутция 65 фоизга янгиланди.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилинган.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг IX боби “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар”га бағишланган.

Ушбу бобнинг 48-моддасида, “Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига” эга.

Ўзбекистон           Республикаси      фуқаролари         тиббийёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.

Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конститутцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.

Конститутцияга асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Хусусан, шахсни суд қарорисиз
48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги белгиланди.

Шу билан бирга, Конституцияда ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб берилди.

Мазкур Конституция ҳақиқатдан ҳам Халқ Конституцияси бўлди. Унда аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан аёллар, нуронийлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, хориждаги ватандошларимиз, ҳаттоки маҳкумлар–барча барчасини ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинган.

Таълим-тарбия тизими ва имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилди– илк маротаба таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш имконияти берилиши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши ҳамда, энг муҳими, азиз ўқитувчиларимиз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши белгиланди. Ушбу нормалар тараққиётимиз учун муҳим омил бўлган илм-фан ва таълимни ривожлантириш, ёшларимизнинг билим олишлари учун янада кенг имкониятлар яратишда жиддий туртки бўлади.

Рақобатбардош миллий иқтисодиётнинг таянчи сифатида тадбиркорлик фаолияти кафолатлари мустаҳкамланмоқда, хусусий мулк доираси кенгайтирилиб, унинг дахлсизлигини амалда тўлақонли таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монопол фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда. Ушбу нормаларнинг киритилиши рақобатни ривожлантиришга, ишлаб чиқариш самарадорлигини ортишига, товар ва хизматлар нархини асоссиз ошмасликка йўл қўймасликни таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Янги таҳрирдаги Конститутциясига янги 24-боб “Адвокатура”га бағишланган боб киритилди. Ушбу боб ўз ичига иккита моддани олади.

141-модда.

Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади.

Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.

Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

142-модда.

Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан монеликсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.

Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади” деб ушбу моддалар билан белгиланди.

Янги таҳрирда қабул қилинган Конститутциямиз инсонларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришига ҳамда юртимизнинг барқарор ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Термиз туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси

Бобомуродов Шерзод Худойбердиевич

Related Articles

Back to top button