Madaniyat

Одам савдоси

Одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция (1949), «Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида»ги қўшимча Конвенция (1956), «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида»ги Конвенцияни тўлдирувчи «Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида»ги баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Одамни ёллаш уни зўрлаш, қўрқитиш ёки мажбурлаш­нинг бошқача турларини қўллаш орқали амалга оширилса, келиб чиққан оқибатларнинг даражасидан қатъи назар, қил­миш ЖК 135-моддаси
2- ёки 3-қисми билан жавобгарликка тортилади.

Ёллаш ёлланаётган шахснинг розилигини олишга қара­тилган ҳаракатлар амалга оширилган пайтдан бошлаб, шахс розилиги олин­ганидан қатъи назар, тугалланган ҳисобланади.

Субъектив томондан одам савдоси тўғри қасд билан содир этилади ҳамда қонунда кўрсатилганидек, одамларни эксплуатация қилиш мақсадида амалга оширилади.

Одамларни эксплуатация қилиш бошқа шахсларнинг танфу­рушлигини эксплуатация қилиш ёки жинсий экс­плуатациянинг бошқа турлари, мажбурий меҳнат ёки хиз­матлар, қулчилик, унга ўхшаш анъаналар, эрксиз ҳолат ёки инсон аъзо ёки тўқима­ларини ажратиб олиш ҳисобланади.

Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури «мерос» бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг
йилдан-йилга кучаяётганидир.

Хулоса қилиб айтганда, аҳоли орасида, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтирган ҳолда ушбу жиноятларга қарши курашиш долзарб вазифадир.

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси Ж.Х.Примов

Related Articles

Back to top button