Hodisalar

АЁЛ НЕГА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРАДИ?

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг қобилияти ва имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун шароит яратиш, ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Айниқса, айни шу мақсад йўлида жаҳон андозаларига уйғун тарзда қабул қилинган қонун ҳужжатлари юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, қобилият ҳамда имкониятларини юзага чиқариш, меҳнат бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ҳозирги пайтда ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис штати жорий этилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган.

Бундан ташқари “Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” маблағи ҳисобидан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, иш шароитларини яхшилаш, қишлоқ жойларида яшайдиган аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка жалб қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда хотин-қизлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, уларнинг дард ва ташвишларини тинглаш, муаммоларини ечиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизими орқали кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилмоқда.

Хусусан, уларга тадбиркорликни йўлга қўйиши учун 33 миллион сўмгача имтиёзли кредит маблағи ажратилмоқда. Айрим тоифадаги хотин-қизларга олий таълим муассасаларида ўқиш учун тавсияномалар берилмоқда. Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизлар имтиёзли уй-жойлар билан таъминланмоқда. “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ёрдамга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болаларини давлат мактабгача ташкилотларига қабул қилишда имтиёз жорий этилган.

Қонунчиликда аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича таъқиқларга барҳам берилгани, меҳнат таътили ва бола парвариши билан боғлиқ бир қатор имтиёзлар белгилангани ҳам эътиборга молик.

Аммо бунга қарамай аёллар ўртасида ҳам жиноят содир этаётганлар бор.

Статистик маълумотларнинг кўрсатишича, шу йилнинг дастлабки ярим йилида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида мазмунан кўриб чиқилган 8 та товламачилик жиноятининг 5 таси, 194 та фирибгарлик жиноятининг 44 таси аёллар томонидан содир этилган. Шу йилнинг ўтган олти ойида 4 нафар аёлга нисбатан одам савдоси жиноятини содир этганлик учун суд ҳукми ўқилган.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга тўхталсак, Жамшид Убайдуллаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) га яқин танишлари “Однокласники” ижтимоий тармоғида унинг номидан профил очилгани ва унда турли бўлмағур сўзлар ёзилганини маълум қилади.

Ж. Убайдуллаев ушбу тармоқни кўздан кечирганда, ҳақиқатдан ҳам, профилда ўзининг расми тургани ва унинг остига шаънини камситадиган бир-биридан ҳақоратли сўзлар ёзилганига гувоҳ бўлади. Шунда “Бу Зоҳиданинг иши, барибир айтганини қилибди-да” деган фикр миясига гўёки тўқмоқдек урилади.

Гап шундаки, Ж. Убайдуллаев бундан икки ой олдин ижтимоий тармоқда Зоҳида исмли аёл билан танишади. У ўзининг ёлғизлиги ва қийин аҳволда эканини айтиб, кийим­кечак олиб беришни илтимос қилади. Ж. Убайдуллаев бу таклифга кўниб, Зоҳидани бозорга таклиф этади.

– Бозорда сотиладиган кийимларни киймайман, – дейди Зоҳида. – Шаҳардаги қимматбаҳо дўконлардан олиб берасиз.

Нотаниш жувоннинг буйруқнома гапи Жамшидга оғир ботади. Шу боис дўкондан кийим сотиб олиб беролмаслигини, ўртада олди-берди ёки қарзи йўқлигини айтади. Бунга жавобан Зоҳида уни ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, ҳамманинг олдида шарманда қилишини айтади.

Табиийки, Ж. Убайдуллаев ҳам жувоннинг гапига яраша жавоб қайтаради.

Шу тариқа ўрталаридаги айтишув дилхиралик билан якун топади. Бироқ орадан икки кун ўтиб Зоҳида яна Жамшидга қўнғироқ қилади ва ҳеч бир сабабсиз куракда турмайдиган сўзлар билан уни ҳақоратлайди. Сўнгра “Одноклассники” ижтимоий тармоғидаги расмларингни кўриб жуда хурсанд бўламан” дея телефонни ўчириб қўяди.

Маккора аёлнинг ўзининг номидан профил очиб, расмини жойлаштиргани ва ҳақоратли сўзларни ёзганини кўриб, Ж. Убайдуллаев у билан учрашиб, интернет тармоғидаги профилни ўчиришни сўрайди. Шундан Зоҳида маҳалласи ва оиласига бориб шарманда қилмаслик эвазига 100 АҚШ долларини беришни талаб қилади. Иложсиз қолган Ж. Убайдуллаев шу заҳотиёқ Зоҳиданинг талабини бажаради. Пулни олгач, Зоҳида унга интернет тармоғидаги материалларни ўчириб ташлашга ваъда беради.

Лекин орадан кунлар ўтса-да, у бу ишни пайсалга солаверади. Шу сабабли Жамшид у билан яна учрашишга мажбур бўлади.

– Мендан қутулганинг йўқ, яна 400 АҚШ доллари берасан, – дея талаб қўяди жувон. – Акс ҳолда профилни ва расмларни ўчирмайман, ҳолингга маймунлар йиғлайди.

Иложсиз қолган Ж. Убайдуллаев Самарқанд шаҳар ички ишлар бош­қармаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат этади. Товламачи З. Фахриддинова 400 АҚШ долларини олаётган чоғида жиноят устида қўлга олинади.

Иккинчи мисолга тўхталсак, Самарқанд шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 8-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи номига “Умида” ва “Акбар” исмли шахслар ариза билан мурожаат қилиб, Мунира исмли аёл 2020 йилда туғилган қизини пул эвазига сотмоқчи экани, унинг жиноий фаолиятига чек қўйиш учун ўтказиладиган тезкор тадбирда иштирок этишга розилигини билдиришади.

Шундан сўнг ушбу ариза асосида суриштирув ўтказилганда, ҳақиқатан ҳам, Мунира қизи Адибани 5 минг АҚШ долларига сотмоқчи экани аниқланади. Дастлаб “харидор”лар Мунирага 1 минг 500 АҚШ доллари беришни айтишади. Мунира қолган 3 минг 500 АҚШ долларини фарзандининг ҳужжатлари расмийлаштирилганидан кейин олишга рози бўлади.

Холислар иштирокида ўтказилган тезкор тадбир чоғида М. Икромжонова вояга етмаган Адибани “Умида” ва “Акбар”га 1 500 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Энди баён этилган жиноят ишларини таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи воқеадаги З. Фахриддинова бирон-бир жойда фойдали меҳнат билан шуғулланмаган. У ўзгаларнинг ортидан текин яшашни кўзлаган. Текин моддий манфаат кўриш мақсадида товламачилик йўлини тутган. Суд Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этгани учун З. Фахриддиновага озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Одам савдосидек оғир жиноий қилмишга қўл урган М. Икромжонова дастлаб Уйғун исмли шахсга турмушга чиққан. Ўрталарида икки нафар фарзанд туғилгач, ўзаро келишмовчиликдан сўнг ажралишган. Шундан сўнг Мунира Жавлон исмли шахс билан шаърий никоҳ асосида яшаган ва ундан учинчи фарзанди – Адиба туғилган. Оиладаги ўринсиз жанжаллар жонига теккан Жавлон ҳам аёлни болалари билан ташлаб кетади.

Суд ҳукмига асосан М. Икромжонованинг уч нафар фарзанди “Болалар уйи”га жойлаштирилди. Унинг ўзи Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан тўрт йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мухтасар қилиб айтганда, хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятлар жамиятимизнинг оғриқли муаммоси ҳисобланади. Уларнинг олдини олиш учун маҳалла фаоллари ҳамда хотин-қизлар масаласига масъул бўлган идоралар ўз фаолиятларини янада кучайтириши зарур.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Related Articles

Back to top button