Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди
Йиғилиш бежиз Тошкент вилоятида ўтказилмаётгани, ҳудуддаги иқтисодий натижалар Тошкент вилоятининг ҳақиқий салоҳиятига мос келмаслиги таъкидланди.
“Маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйиб, алоҳида дастурлар ишлаб чиқилгани ҳисобига мамлакатимизда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушди.
Бу бир ярим йилнинг ўзида 3 миллион аҳоли доимий даромадга эга бўлди, 1,5 миллион аҳоли эса камбағалликдан қутилди, дегани.
Умуман, республикамиздаги 347 та маҳалла камбағалликдан холи, яна 1,5 мингга яқин маҳалла эса ишсизлик бўлмаган ҳудудга айланди.
“Вазирлар ва ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Камбағалликни қисқартириш битта вазирлик ёки агентликнинг иши эмас, аҳолига фақатгина моддий ёрдам ёки кредит беришнинг ўзи етарли бўлмайди.
Бунинг учун, энг аввало, ҳудудларда инфратузилма бўлиши, бу орқали ишлаб чиқариш ва хизматлар ривожланиши керак”, — деди Президент.
Давлатимиз раҳбари йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала — тадбиркорликни ривожлантириш орқали солиқ базасини кенгайтиришга тўхталди.
Биринчи ярим йилликда республикада солиқ тушумлари 76,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 107,5 фоизга ўсди.
Ушбу даврда 2,3 триллион сўм маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилди.
“Лекин, бу мавжуд салоҳиятимиздан анча кам. Тан олиш керак – кундан-кунга ўсаётган иқтисодиётимизнинг самараси бюджет даромадларида тўлиқ кўринмаяпти.
Бу борада тадбиркорларни айблаб бўлмайди. Бунинг учун солиқ идоралари ўз дунёқарашини ўзгартириши керак.
Солиқчилар тадбиркорларга пул ундириш нуқтаи-назаридан эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали ўстириб, солиқ базасини кенгайтириш манбаи сифатида қараши зарур”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда солиқ тушумларининг 60 фоизини Йирик солиқ тўловчилар инспекцияси электрон тизим орқали жойига чиқмасдан ундираётгани, лекин вилоят ва туман солиқ ходимлари хотиржам бўлиб ўтиргани танқид қилинди.
Мисол учун, бугунги кунда даромад солиғи тўлаётган корхоналар сони 425 мингтани ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 9 фоизга камайган.
Айниқса, бундай корхоналар Хоразм ва Қорақалпоғистонда 20 фоизга, Тошкент вилоятида 14 фоиз, Бухоро, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 12 фоизга камайган.
Ёки, жорий йилнинг беш ойида 40 та туманда тадбиркорлар даромади деярли ўзгармаган, айримларида ҳатто тушиб кетган.
Шу боис, Қўнғирот, Тахтакўпир, Улуғнор, Олот, Пахтакор, Наманган, Мингбулоқ, Чуст, Косон, Муборак, Деҳқонобод, Ургут, Каттақўрғон, Нуробод, Музработ, Хива, Хонқа, Китоб туманлари ҳамда Бухоро, Когон, Самарқанд, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Нурафшон, Урганч шаҳарлари, жами 26 та солиқ идоралари раҳбарларини ишдан олишга қарор қилинди.