O`zbekiston

Президент дала четларидан самарали фойдаланиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди

Жорий йилдан бошлаб 70 мингдан зиёд фермерларнинг 60 минг гектар бўш дала четларида узум, қовоқ, қовун, тарвуз ва сабзавот экиб, қўшимча 220 минг тонна маҳсулот етиштириш, 600 минг бош парранда ва 300 минг дона асалари оиласини боқиш бўйича катта дастур қабул қилинган.

Лекин айрим вилоят, туман ҳокимлари бунга эътиборсиз қараётгани қайд этилди.

Жумладан, сабзавот, полиз ва бошқа экинлар Навоийда фақат 31 фоиз, Фарғонада 34 фоиз, Тошкент вилоятида 70 фоиз майдонларга экилган, холос.

Қорақалпоғистонда 16 минг гектар дала четлари мавжуд бўлсада, 5 минг гектар билан чекланган, Наманганда 17 минг гектар ўрнига 3,5 минг, Қашқадарёда 26 минг гектар ўрнига 12 минг, Бухорода 22,5 минг гектар ўрнига атиги 5,5 минг гектар дала четлари ўзлаштирилган.

Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги комплекси раҳбарлари вилоят ва туман ҳокимлари билан бирга бўш дала четларидан самарали фойдаланиш бўйича масъулиятини кучайтириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳар бир ҳудудга мос уруғ ва кўчат навларини танлаб, фермерларга етказиш тизимини яратиш; деҳқонларни дала четларидан самарали фойдаланиш, минерал ўғит ва кимёвий препаратларни ишлатиш кўникмаларига ўқитиш; ҳар бир туманга 4 нафаргача, жами 672 нафар мавсумий агрономларни бириктириб, ойлик иш ҳақи билан таъминлаш топширилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш бўйича катта дастур қабул қилинган. Бунинг учун:

— ҳар бир вилоят баҳор ва куз мавсумида 15 миллион туп дарахт кўчатлари экиши;

— барча шаҳарлар атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил қилиш зарур.

Лекин айрим раҳбарлар бу ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди. Масалан, кўчатлар суғориш тизими йўқ ҳудудларга экилгани сабаб 10 миллион ниҳол нобуд бўлган. Дарахт кўчатларини йўллар бўйида экиш ишлари 33 та туман ва шаҳарда умуман бажарилмаган.

Давлтимиз раҳбари ўз ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратиш эндиликда ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлишини таъкидлади.

Барча тизим ва ҳудуд раҳбарларига маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бино, ҳовлиларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш топширилди.

Related Articles

Back to top button