Экин ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Узун туман бўлими томонидан Кадастрлар агентлиги туман бўлимининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувларда “О.Ф.” фермер хўжалиги раҳбари А.Р. ушбу фермер хўжалигининг юқори бонитетли суғориладиган экин ер майдонининг 10 сотихини, шунингдек, “Б.Б.” МЧЖ раҳбари Ў.М. ва бошқалар “Ш.А.” фермер хўжалигининг 1 гектар суғориладиган экин ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ернинг унумдор қатламига зарар етказган ҳолда уй-жой қуришни бошлаганликлари аниқланган.
Худди шундай, Департаментнинг Кўкдала туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Д.Н.” фермер хўжалиги раҳбари Э.Д. фермер хўжалигининг 16 сотих суғориладиган экин ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ернинг унумдор қатламига зарар етказган ҳолда уй-жой қуришни бошлаганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 229-1-моддаси (ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш) ва 229-6-моддаси (суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.