Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида қандай вазифалар белгиланган?
Мамлакатимизда 2020-2024 йилларда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
7 февраль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланиб, қатор вазифалар белгиланди.
«Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурида 7 та асосий йўналишда вазифалар белгиланган,
Жумладан, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини ошириш бўйича биринчи йўналишида “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш, мутахассислик йўналишларини ҳисобга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув дастурлар, ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим йўналишида инновацион танловлар, ўқувчи ва талабалар учун ёзги мактаб, танловлар ташкил этиш, ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш тадбирлари белгилаб берилган.
Дастурнинг иккинчи йўналишида эса давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, учинчи йўналишида инсон ҳуқуқлари соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, тўртинчи йўналишида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг инсон ҳуқуқлари соҳасида хабардорлигини ошириш, бешинчи йўналишида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, олтинчи йўналишида замонавий технологиялар, бадиий асарлар, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим-тарбия бериш тизимининг самарадорлигини ошириш, еттинчи йўналишида эса инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар ўз аксини топган.
Ҳар бир йўналишда бир қанча тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Масалан, бешинчи — инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш йўналишида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим йўналишида давлат гранти ва ижтимоий буюртмалар танловини жорий қилиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда туркум семинар-тренинг, давра суҳбатлари ўтказиш каби тадбирлар ўтказилади.
Таъкидлаш жоизки, 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилмоқда. Бу бўйича алоҳида дастур тасдиқланган бўлиб, унда белгиланган тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳафталик доирасида вилоятлар ахборот ресурс марказлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар билан таъминланади, инсон ҳуқуқларига оид турли давра суҳбати, очиқ мулоқот, конференциялар ўтказилмоқда. Вилоятларда жазони ижро этиш муассасалари вакиллари иштирокида ўқув курслари ташкил этилмоқда. Миллий марказимиз томонидан халқаро ташкилотлар билан инсон ҳуқуқлари соҳасига оид турли мавзуларда тадбирлар ташкил этилмоқда. Уларда маҳаллалар вакиллари онлайн ва офлайн шаклда иштирок этмоқда. Шунингдек, “Инсон ҳуқуқлари — болар нигоҳида” танловига старт берилди, “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинаси ўтказилади».
Бу каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад эса аҳолининг, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, бу жараёнлардан хабардорлигини оширишдан иборат.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг раиси
М.А.Хакимов