ПРЕЗИДЕНТИМИЗНИНГ ТАШАББУСИГА ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ РАҲБАРЛАРИНИНГ АМАЛДАГИ ЖАВОБЛАРИ
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 2 ноябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ушбу йиғилишда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
– Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди…, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳақиқатан ҳам Прездентимизнинг ушбу гаплари асосли ва инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат эканлигини Сурхондарё вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимидаги ўрмон хўжаликлари томонидан давлат бюджети ҳисобига қоғозда “яратилган” иҳотазорларнинг ҳозирги аҳволи исботлайди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари ва шу вазирлик таркибида бўлган Ўрмон хўжалиги Бош бошқармаси бошлиғи С.Эргашев ўзининг 23.01.2007 йилдаги 07/10-35-сонли хатида “…Боботоғ ўрмон хўжалиги 2003-2005 йилларда 100 гектар ерда, Шўрчи Ўрмон бўлими 15 гектар ерда, Марказий Ўрмон хўжалиги 30 гектар қирғоқбўйи ерларини мустаҳкамлаш учун иҳота ўрмонларни барпо этди.” дейилган.
Ҳозирги пайтда Сурхондарё дарёсини қирғоқ бўйидан 50 метр масофада ташкил этилган ушбу иҳотазорлар одам ўтиб бўлмайдиган даражада дарахтзор бўлиб кетиши лозим эди, лекин ҳозир ўша пайт ўрмончилар томонидан давлат бюджети маблағи ҳисобига экилган иҳотазорларнинг изи ҳам қолмаган.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 сентябрдаги “Япон софораси» ва «кон каштани» ёғочбоп дарахтзорларни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 186-сонли қарорига асосан “Япон сафораси” дарахтининг кўчатларини экиш бошланди. Боботоғ Ўрмон хўжалиги ҳам яна давлат бюджети ҳисобига қирғоқ бўйи минтақасига “Япон сафораси” дарахтлари кўчатларини плантация қилиб экиб ташлашди, аммо қирғоқбўйи минтақасида аҳоли томонидан Ўрмон хўжалиги билан шартнома тузиб шоли экиш учун фойдаланиши оқибатида иҳота дарахтлари ҳам, “Япон сафораси” дарахт кўчатлари ҳам дарахт бўлмасдан йўқ бўлиб кетди.
Жумладан, Узун тумани “Хурсанд” маҳалласи ҳудидан оқиб ўтувчи Сурхондарё дарёсининг қирғоқ бўйи минтақасида жойлашган Боботоғ Ўрмон хўжалигининг 8-айланмасига 2007 йилларда катта маблағ эвазига экилган иҳотазор ва “Япон сафораси” дарахтларидан қаровсизлиги оқибатида аҳоли томонидан ўтин сифатида кесиб кетилганлиги оқибатида бир нечта дарахт тўнкалари қолган, бўшаб қолган ер майдонидан аҳолига шартнома асосида қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун бериб юборилган.
Ўрмончилар ҳам анойи эмас, амалда бир дона дарахт қолмаган ер майдонларини аҳолига шартнома асосида беришда “дарахт қаторлари орасидан фойдаланиш учун берилди” деб расмийлаштирмоқда. Дарахт йўқлигини ўрмончилар ҳам, ушбу шартномага имзо қўйган ўрмон хўжалиги раҳбарлари ҳам яхши биладилар, лекин бу сохта шартномадан ер майдонини шартномага олувчи ҳам, берувчи ҳам манфаатдор бўлганликлари учун ҳаммаси ЖИМ туради.
Ўрмончиларнинг уларга давлат томонидан ажратиб берилган ерларга беътиборлиги сабабли фуқаролар нафақат шоли экмоқда, балки уй-жой ва бошқа бино-иншоотлар қуриб олмоқдалар.
Янги қурилган уй-жой ва бошқа иншоотларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 27-бандига зид равишда Сурхондарё дарёсининг муҳофаза зонасидаги, яъни дарё қирғоғидан бор-йўғи 46-50 метр масафадаги ноқонуний қурилишларга ҳам эгалик қилиш ҳуқуқи Узун тумани ҳокими томонидан бериб юборилди.
Бу ҳолатга Сурхондарё вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси ходимлари ҳам, вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбарлари ҳам сукут сақлаб, жимгина томошабин бўлиб турибдилар. Фуқаролар “Сукут-аломати ризо” деб ноқонуний қурилишларини давом эттирмоқдалар.
Сукут сақлаш ҳам бекорга эмас, ноқонуний қурилишларни бузиш ва Сурхондарё дарёси қирғоғидаги ўрмон хўжаликларига ажратилган 50 метрлик полоса ва дарёнинг 300 метрлик муҳофаза зонасидаги табиий ўсган юлғунзорлар ва экилган иҳотазорларни муҳофаза қилиш учун мен Сурхондарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Э.Кенжаевга ва ўрмон кадастри Б.Қулматовга бориб учрашиб ўрмон ерларининг талон-тарожи тўғрисида айтганимда улар: “Нима қиласизлар шу муаммони кўтариб, ахир сизлар бир маҳалланинг фуқароли бўлсаларинг, тўйи-жанозалринг бир бўлса, қўйинглар бу гапларни”-деб турибди.
Ана шу маҳаллийчилигимиз туфайли Сурхондарё вилоятининг бошидан охиригача оқиб ўтувчи Сурхондарё дарёси қирғоғидаги табиий бутазорлар ва шу бутазорларда яшовчи ёввойи ҳайвонлар бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасига бориб қолди.
Ўрмончиларимиз эса қоғозда қирғоқ бўйида гектар-гектар ўрмонлар яратишмоқда, қоғозда яратилган ўрмонга амалда бюджет маблағидан кўчатлар сотиб олинмоқда, ишчилар ишламоқда…
Орадан бир-икки йил ўтгач, экилган дарахтзорлар ўрни чорва моллари учун яйлов вазифасини бажармоқда, катта-катта шолипояларда шолилар барқ уриб ривожланмоқда. Бирон киши “Нега қирғоқ бўйида мол боқаяпсизлар?” деб сўраса, мол боқувчилар ўрмон хўжалиги билан тузилган шартнома билан ўрмончиларнинг “оғзига урмоқда”.
Бу ҳол яна шундай давом этаверса, яқин йилларда ноқонуний қурилишлар нақ дарёнинг узанигача етиб боради, ундан кейин ўрмон раҳбарлари яна шикоят қилувчиларни инсофга чақириб ўтираверади-да!
Алиқулов Эркин
Узун тумани