ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ ЕХҲТ ДИИҲБНИНГ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИ КУЗАТИШ БЎЙИЧА МИССИЯСИНИНГ 2021 ЙИЛ 8 ОКТЯБРГИ ОРАЛИҚ ҲИСОБОТИ БЎЙИЧА БАЁНОТИ
Сайловлар жараёнида кузатувчиларнинг, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар миссиялари вакилларининг иштироки муҳимлигини инобатга олган ҳолда, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон бир қатор нуфузли халқаро ташкилотларга, шунингдек, дунёнинг 45 дан ортиқ мамлакатлари вакилларига таклифнома юборди.
Бугунги кунга қадар 380 хорижий (халқаро) кузатувчи аккредитациядан ўтказилди. Жами 750 дан ортиқ халқаро кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг 15 сентябридан ЕХҲТ ДИИҲБ нинг сайловларни кузатиш миссияси 11 нафар экспертдан иборат асосий гуруҳи Тошкентда, 24 сентябрдан эса бутун мамлакат бўйлаб тарқатилган 28 нафар узоқ муддатли кузатувчи сайлов жараёнларини кузатиб бориш бўйича ўз ишини бошлади. Шунингдек, 250 нафаргача қисқа муддатли кузатувчилар ташриф буюриши кутилмоқда.
ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси сайловга тайёргарлик жараёнини кузатишни бошлаганидан буён, сиёсий партияларнинг сайловолди кампанияси давридаги фаолияти, сайловолди ташвиқотининг олиб борилиши, сайлов иштирокчилари учун барча маълумотларнинг очиқ ва ошкоралик даражаси, сайлов қонунчилигини ўрганиш ва уни амалда қўллаш бўйича олиб борган ўрганишлар натижаси бўйича ўзининг яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича оралиқ ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштириш бўйича олиб борилган ишлар, шунингдек, мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларидаги ислоҳотлар қайд этилган.
Хусусан, “24 октябрь кунига белгиланган сайловлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан, “Янги Ўзбекистон” шиори остида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастури замирида ўтаётгани айтилган”.
Оралиқ ҳисоботда “сайлов қонунчилиги базаси ислоҳотлар босқичида” эканлиги алоҳида қайд этилган ва қуйидаги ижобий ўзгаришларга эътибор қаратилган:
— сиёсий партиялар сайловчилар иштирокида оммавий тадбирлар ўтказиш тўғрисида 30 кун олдин маҳаллий ҳокимият органлари билан келишиши зарурлиги ҳақидаги талаб камида уч кун олдин хабар бериш тартиби билан алмаштирилди;
— давлат хизматчиларининг сайловолди ташвиқоти пайтида давлат ходимларининг ҳар қандай сиёсий партия ёки номзод фойдасига ёки унга қарши ўз лавозимидан фойдаланиши тақиқланган;
— партияларга ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини, улардан фойдаланиш ошкоралигини таъминлаш чоралари кучайтирилган;
— фуқароларнинг сайлов комиссиялари қарорлари устидан фақат судга шикоят қилишлари назарда тутилган. Илгари фуқаролар, шунингдек, юқори сайлов комиссияларига ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишган. Бу низоларни кўриб чиқиш жараёнини кечиктирган;
— чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари олдиндан консуллик рўйхатидан ўтмасдан овоз беришларига рухсат берилди ва муддатидан олдин овоз бериш учун имкониятлар яратилди, жумладан, кўчма қутилар ёрдамида овоз бериш (мобил овоз бериш) мумкин.
МСКнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, сайловчиларни хабардор қилиш борасидаги фаолияти алоҳида қайд этилди:
ахборотни тақдим этишнинг турли форматлари ва усулларидан фойдаланган ҳолда аҳоли ўртасида кенг ахборот-маърифий кампанияни, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда видео ва график материаллардан фойдаланган ҳолда ўтказилаётгани ижобий баҳоланган;
барча сайлов участкаларининг геолокацион маълумотлари билан интерактив мобил илованинг ишлаб чиқилган, сайлов комиссиялари аъзоларини каскадли ўқитиш ташкил этилган, сайлов куни COVID-19 нинг олдини олиш чораларини кўриш белгиланган;
МСК йиғилишларининг жамоатчилик учун очиқлиги.
Ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда, кузатувчилар миссияси баъзи камчиликларни, хусусан, мустақил номзодларнинг президентликка номзод бўлиш ҳуқуқининг йўқлигини, фуқароларнинг сайловларни кузатиш имкониятлари, сайловолди платформаларда диққат-эътибор ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, давлат хизматлари, соғлиқни сақлаш, таълим, адлия ва экологик тизимга қаратилгани, ҳозиргача кампанияда ягона устун масала кўтарилмагани, ОАВ фаолиятида чеклов ва ҳ.к.
Халқаро сайлов кузатуви демократик қадриятларни янада такомиллаштиришда, сайлов тамойиллари ва стандартларига риоя этишда муҳим институт бўлиб, миллий сайлов жараёнининг нуфузини оширишга ёрдам беради. Марказий сайлов комиссияси сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш борасида халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради.