Madaniyat

Давлат раҳбари маҳалладаги шароитлар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё тумани “Ширин” маҳалласида яшовчи Дониёр Йўлдошев хонадонида бўлиб, оиланинг турмуш шароитлари билан танишди.

Бу уй юртимиздаги обод ҳовлилардан бири. 10 сотих томорқада мевали ва манзарали дарахтлар, сабзавотлар экилган. 30 бош наслли курка боқилиб, бир йилда 25 миллион сўмгача қўшимча даромад олинмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу саъй-ҳаракатларни маъқуллаб, мана шундай обод хонадонлар кўпайиши кераклигини таъкидлади.

— Ҳудудларда юришим, ҳар кунги ҳаракатларимдан мақсад — одамларни рози қилиш, аҳоли жон бошига даромадни кўпайтириш. Илгари четга хомашё сотардик. Ҳозир ҳаммасини мамлакатимизда қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқараяпмиз. Корхоналар очилаяпти, ёшларимиз, хотин-қизларимиз ишли бўлаяпти. Бундайлар кўпайиши, бунинг учун ривожланиш маҳаллада бўлиши керак. Маҳалла яхши бўлса, давлат кучли бўлади. Ёшларни билимли, ақлли қилиб тарбияласак, ўз йўлини, ишини топади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Юртимизга тинчлик, фаровонлик тилаб, дуо қилинди.

Related Articles

Back to top button