“Сносми” ёки қонунбузарликка қарши кураш?
Ўхшаш сурат
Бугун ижтимоий ҳаётда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган бош мавзулардан бири – “снос” масаласидир. Албатта, уй тузишда ҳам, уй бузишда ҳам тартиб бор.Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилмоқда.
Гап “снос” ҳақида кетар экан, уни ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлардан фарқини билиб олиш ҳар қачонгидан долзарб масаладир. “Снос” деганда фуқаролар ва юридик шахсларга фақатгина қонуний тартибда тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми олиб қўйилиши ва унга яраша компенсация берилиши тушунилади.
Ростдан ҳам шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилиши доирасида фуқаролар ва тадбиркорларга тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан айрим ҳолларда камчиликларга, қонунбузилишларга йўл қўйилди.
Айни масалада қонун бузилишлар бўлганлиги сабабли бу борада умуман янгича тартиб жорий этилди.
Эндиликда Ер участкасини олиб қўйиш Ҳукуматнинг 2019 йил 16 ноябридаги 911-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида ҳамда унда кўрсатиб ўтилган асослар мавжуд бўлгандагина амалга оширилади.
Унга кўра:
ер участкасини олиб қўйишга зарурат туғилганда биринчи навбатда ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида ОАВ иштирокида очиқ муҳокама ўтказилади;
ҳокимлик ёки инвестор томонидан дастлабки ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шунингдек, компенсация бериш учун етарли ресурслар мавжудлиги ўрганилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади, ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Ҳокимликлар ер участкаси олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилишга ваколатли эмас;ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ва ушбу келишув нотариал тартибда тасдиқланади.
Келишилган компенсация берилмагунча кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари олиб қўйилган ер участкасида жойлашган бинони бузиш ҳам адлия органларининг ижобий хулосасидан кейингина амалга оширилиши белгиланди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, янги тартиб кучга киргандан кейин (2020 йил 1 январь) “снос” масаласида муаммо бўлгани йўқ.
Хўш унда масала нимада?
Ҳозирда баъзи ҳудудларда айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний ҳужжат асосида ажратилган ерларда қурилган уй-жойлар белгиланган тартибда бузилиши режалаштирилган.
Ноқонуний ҳужжат албатта ўз-ўзидан қабул қилинмайди (таниш-билиш, коррупция борлиги кундай равшан бироқ исбот йўқлиги учун бу ҳақда ёзмаймиз), бу ҳужжат қабул қилишга масъул бўлган шахсларнинг жавобгарлиги масаласи албатта тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, давлат органининг ноқонуний қарори натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланади. Бундай зарарнинг ўрни давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши, агар у ерда маблағлар бўлмаса зарар давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари 2019 йилда Жиноят кодексига янги модда қўшилиб, ер бериш тартибини бузганлиги учун жавобгарлик чораси киритилди.
Бугунги кунда фуқароларимиз томонидан ҳудудлардаги суғориладиган экин майдонларида рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар эса ўз номи билан ноқонуний ерларда, рухсатномасиз, қурилиш нормаларини бузган ҳолда қурилган бинолар Амалдаги Фуқаролик кодексига кўра, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди, уни сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.
Бундай иморатлар 15 кун ичида иморатни қурган шахс томонидан ёки суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс ҳисобидан бузиб ташланиши лозим. Шунингдек, бузиш ишлари ёки бузилган иморат учун умуман компенсация берилмайди.
Айтиб ўтиш жоизки, Ҳукуматнинг 2019 йил 16 ноябридаги 911-сон қарорида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойнинг ҳам қопланиши лозимлиги қайд этилган. Шуни унутмаслигимиз керакки, бунда компенсация фуқароларга қонуний тартибда тегишли бўлган ер участкаларидаги мулклар “снос”га тушганида, унда жойлашган ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун тўланади холос. Бошқа ҳар қандай ҳолатда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун компенсация тўланмайди. Яъни ер эгаллаб олинган ҳеч бир ҳолатда компенсация тўланмайди.
Конституциямизда белгиланганидек ер умуммиллий бойлигимиз ҳисобланади. Шу ўринда уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим. Ерга нисбатан қонуний муносабатни шакллантириш эса давлатнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Юртимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 20,2 млн гектар ерларнинг атиги 20,7 фоизи суғориладиган ерлар ҳисобланади. Сўнгги 15 йил мобайнида аҳоли жон бошига суғориладиган ерлар 24 фоизга (0,23 га дан 0,16 гача) камайган.
Мазкур ҳолатда албатта айрим шахслар томонидан қонунларни очиқчасига бузган ҳолда ерларни эгаллаб олиши ҳам роль ўйнаган албатта. Мамлакат аҳолисининг қарийб 16,4 миллиони (жами аҳолининг 49,4 фоизи) қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу каби ноқонуний ҳаракатларга қаътий равишда курашилмаса қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, мамлакат озиқ овқат хавфсизлиги каби стратегик ўта муҳим масалалар ижтимоий портлашни келтириб чиқаради.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга “амнистия” эълон қилинди. Ушбу даврда 589 991 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилди. Бу жуда ҳам катта кўрсаткич. Давлат томонидан имконият берилди, лекин мазкур имкониятни суистеъмол қилиб яна ноқонуний ерларда уй-жойларни қуриб олиш эса айрим фуқаролар томонидан ўрнатилган тартибларни очиқдан очиқ менсимаслигини англатади.
Бу ҳолатда давлат органларининг позицияси аниқ. Ноқонуний бино бузилади, айбдор жавобгарликка тортилади.
Шу ўринда савол туғилади, қонунни бузган ҳолда ўзига тегишли бўлмаган ерда уй-жой қуриб олган фуқаролар муаммосини “снос” сифатида баҳолаб, жамоатчилик фикрини чалғитишдан муддао нима?
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими