O`zbekiston

Шавкат Мирзиёев Хоразмга келди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондан Хоразм вилоятига кетаётиб, дастлаб Амударёда қурилаётган кўприкни кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари ушбу кўприк лойиҳаси билан ўтган йили декабрда Хоразмга ташрифи чоғида  танишган, кўп ўтмай унинг қурилиши бошланган эди. Бугунги кунда қирғоқлар темир-бетон билан мустаҳкамланиб, кўприкнинг таянч устунлари қурилмоқда.

Лойиҳанинг қиймати 174 миллион доллар бўлиб, унинг эвазига 80 километрлик темир йўл ва Амударё устида 413 метр узунликдаги кўприк барпо этилади.

Президентимиз қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди.

— Бу одамлар узоқ йиллар кутган лойиҳа. Энди янада кўп йиллар халқимизга хизмат қилиши керак. Шунинг учун биринчи ўринда сифат. Ажратилган маблағ кичкина эмас. Тажрибали мутахассисларни жалб этиб, ҳар бир жиҳатни ўйлаб, элимга, юртимга деб қуриш керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу инфратузилмаларнинг самарадорлиги жуда юқори. Масалан, Хоразм вилояти билан Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги темир йўл масофаси 240 километрга, вақти эса 6 соатга қисқаради. Маҳаллий юк ташиш ҳажми йилига 12 миллион тоннадан 25 миллион тоннага ошади. Шунингдек, халқаро транзитлар учун ҳам қулайлик кенгаяди. Автомобиллар ҳаракати яхшиланиб, аҳолининг узоғи яқин бўлади.

Шундан сўнг Президентимиз Урганч шаҳрига жўнаб кетди. Шавкат Мирзиёев бугун Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказади.

Related Articles

Back to top button