Hodisalar

Қумқўрғон туманида ота алимент пули ўрнига уй-жой берди

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2018 йил 17 июлдаги ижро ҳужжатига асосан Рустам  Холтўраевдан уч нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи Насиба Чориеванинг фойдасига алимент ундириш белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси Қумқўрғон туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор ота яшаш манзилида йўқлиги ва кўп миқдорда алимент қарздорлиги мавжудлиги сабаб унга нисбатан 2020 йилнинг ноябрь ойида қидирув эълон қилиниб, қарздор ота қидириб топилгунга қадар ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган эди.

Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган қидирув натижаларига кўра қарздор ота Рустам  Холтўраев тошкент шаҳридан топилиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш учун давлат ижрочиларига топширилди.

Давлат ижрочилари қарздор отага алимент тўлашдан бош тортганлик учун қонунда маъмурий ҳамда жиноий  жавобгарлик масалалари белгилаб қўйилганлиги тушунтирилди.

Тушунтириш тарғибот ишларидан ўзига тегишли хулоса чиқарган Р.Холтўраев собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда уч нафар фарзандларинингмоддий таъминоти учун алимент пули ўрнига ўзига тегишли бўлган туманнинг “Тўғон” маҳалласидаги уй-жойни нотариал тартибда расмийлаштириб берди.

Бюронинг туман бўлими томонидан ижро ҳужжати белгиланган тартибда муддатидан олдин тугатилиб, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинди.

Хайрулла Баймуратов, Мажбурий ижро бюроси Қумқўрғон туман бўлими давлат ижрочиси

Related Articles

Back to top button