Kasbim-faxrim

МАЪМУРИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН ФУҚАРОЛАРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНМОҚДА

Қонунларимизни мукаммаллаштириш, давлат ва фуқаро манфаатлари ҳимоясининг меъёрий асосларини пишиқтириш учун қатор институтлар ишлаяпти. Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва Сенат атрофида қонун ишлаб чиқарувчиларнинг йирик машинаси турибди. Қонунларга риоя этилиши мамлакатимиз барча доира кишилари учун хоҳ у вазир бўлсин, хоҳ у оддий фуқаро-ҳамма учун баравардир. Шиоримиз шундай! Куч-адолатдадир! Бу шиор бугунги кунда пайдо бўлган эмас. Авлиё Тойободий томонидан Амир Темурга совға қилинган ва буюк ҳукмдорнинг давлат муҳрига айланган узук куч ва адолатни бирлаштирган эди. Бизнинг давримизда эса ҳаёт мезонига айланган.

Бузилган ҳуқуқларимиз ва манфаатларимизни тиклаш учун судга мурожаат этамиз. Мамлакатда суд ҳокимияти мунтазам такомиллаштириляпти. Судларнинг ихтисослашуви, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, судлар моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, судьяларни моддий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш борасида жуда катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Том маънода судлар мустақиллиги таъминланмоқда. Судьялар фақатгина қонунларга бўйсунадилар, суд ишларига бирон-бир аралашувга йўл қўйилмайди. Шу туфайли ҳам қарор, ҳукм чиқаришда фақатгина қонунларга бўйсунмоқдалар.

Сурхондарё вилояти Термиз туманлараро маъмурий судида тадбиркорлар манфаатлари ва бузилган ҳуқуқлари доимий ҳимояда, уларнинг қонуний муаммолари қўллаб-қувватланмоқда. Кейинги вақтларда  ҳокимият идоралари қарорларининг ноқонуний деб топиш тўғрисидаги турли тоифадаги ҳамда давлат идораларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилмоқда, бундай мурожаатларда мол-мулк билан боғлиқ қонунларга зид равишда ер участкалари ажратиш, фермер хўжаликларига тегишли бўлган ер майдонлари асоссиз равишда захирага қайтариш билан алоқадор бузилган ҳуқуқларни тиклаш, кадастр органларининг давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш билан боғлиқ ишлар кўпчиликни ташкил этади.

Жумладан, аризачи Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) бузилган манфаатлари билан боғлиқ маъмурий иш кўриб чиқилди, аризачи томонидан “Электрон-онлайн аукцион” натижалари тўғрисидаги YU-0809-000016-сонли баённомасига асосан Сариосиё тумани, Шаҳриобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 0,2 га ер майдони иссиқхона қуриш мақсадида сотиб олинган.

Шунингдек, Сариосиё туман ҳокимининг 24.09.2019 йил 5949-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси қошидаги “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонасининг 08.01.2019 йилдаги “Электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисида”ги YU-0809-000016-сонли баённомаси асос учун қабул қилинган ва фуқаро Р.Турсуновага (исми шарифи ўзгартирилган) Сариосиё тумани “Шаҳриобод” маҳалласи ҳудудидан “Иссиқхона биноси” қуриш учун 0,2 га ер майдони ажратилган.

Кадастр агентлиги Сариосиё туман филиали (илгариги Сурхондарё вилоят Сариосиё туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси) томонидан аризачи Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) номига 2019 йил 01 март кунги санаси билан давлат реестрига киритилганлиги ҳамда 19:10:04:04:02:0280-сонли ер участкасининг кадастр рақами мазмунида кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган, аризачи Р.Турсунова(исми шарифи ўзгартирилган) юқоридаги кадастр ҳужжатига ишониб, мазкур низоли ер майдони унга тегишли эканлигини, бироқ мазкур низоли ер майдонини ўзбошимчалик билан фуқаро А.Мусулмонов (исми шарифи ўзгартирилган) эгаллаб олганлигини баён этиб бир неча маротаба турли идораларга мурожаат этган.

Шундан сўнг, 2021 йил апрель-май ойларида фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судига жавобгар А.Мусулмоновнинг (исми шарифи ўзгартирилган) ноқонуний эгалигидан унга тегишли бўлган Сариосиё туман Шахриобод МФЙда жойлашган 0,24га ер майдонини олиб бериш ҳақида даъво ариза билан мурожаат этган.

Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг 31.08.2021 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) мазкур ер майдонига нисбатан эгалик ҳуқуқи йўқлиги асос қилиниб даъвогар Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) жавобгар А.Мусулмоновга (исми шарифи ўзгартирилган) нисбатан ер майдонини олиб бериш тўғрисидаги даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилган.

Шундан сўнг, аризачи Р.Турсунова(исми шарифи ўзгартирилган) 08.01.2019 йилдаги YU-0809-000016-сонли баённомага асосан ўзининг номига Сариосиё туман “Шахриобод” маҳалласида жойлашган 2000,0 м2 ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиб беришни сўраб ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси Сариосиё туман филиалига 09.08.2021 йилда мурожаат этган.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг 08.09.2021 йилдаги №2074-9261-114f-1cc1-2057-8199-4505-сонли рад этилганлиги ҳақидаги хабарномасига кўра, тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри, қарама-қарши ёки бузилган маълумотлар мавжудлиги, Ер кодекснинг 89-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 1060-сонли қарорининг 15-бандига асосан аризачи Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) мурожаатига рад жавоб берилган.

Бироқ, Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси Сариосиё туман филиали рад жавоби беришда қуйидаги ҳолатларга, эътибор қаратмаганлиги сабабли, Термиз туманлараро маъмурий суди томонидан аризачи Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) шикоят аризаси қаноатлантирилди ва ягона интерактив Давлат хизматларининг 2021 йилнинг 9 август кунидаги ва Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси Сариосиё туман филиалининг 2021 йил 21 август кунидаги “Сариосиё туман Шахриобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 2000,м2 ер участкасини Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) номимга давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақида”ги ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди, шунингдек кадастр агентлиги давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси Сариосиё туман бўлими ва ягона интерактив Давлат хизматларига Сариосиё туман Шахриобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 2000,м2 ер участкасини Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) номига давлат рўйхатидан ўтказиш ва ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бериш мажбурияти юклатилди.

Яъни Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси аризачи Р.Турсунова(исми шарифи ўзгартирилган) таъкидлаётган мазкур ер майдони дастлаб Сариосиё туман ҳокимининг 08.11.2018 йилдаги Қ 2997-сонли қарори билан фуқаро А.Мусулмонованинг (исми шарифи ўзгартирилган)фойдаланишнинг 91-контурдаги 2400 кв.метр ер участкасида жойлашган ер майдони ва бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи берилганлиги, мазкур ер майдонидан А.Мусулмонов ва унинг турмуш ўртоғи М.Мусулмоновалар (исми шарифи ўзгартирилган) 2016 йилдан буён ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётганлиги ва аризачи Р.Турсунова (исми шарифи ўзгартирилган) ҳамда А.Мусулмоновалар (исми шарифи ўзгартирилган) ўртасида мазкур низоли ер майдонига нисбатан низо бўлганлиги сабабли аризачи Р.Турсунованинг (исми шарифи ўзгартирилган) аризасига рад жавоби берилган,            бироқ Сариосиё туман ҳокимининг 08.11.2018 йилдаги                          Қ-2997-сонли қарори Сурхондарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 07.04.2021 йилдаги қарори билан ҳақиқий эмас деб топилган,       шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 07.9.2021 йилдаги қарори билан Сурхондарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 07.04.2021 йилдаги қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2018 йилдаги 1060-сонли қарори асосида “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан юқоридаги асослардан ташқари бошқа асослар бўйича рад этилишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

Аризачи Р.Турсунова(исми шарифи ўзгартирилган) 08.01.2019 йилдаги YU-0809-000016-сонли баённомага асосан ўзининг номига Сариосиё туман “Шахриобод” маҳалласида жойлашган 2000,0 м2 ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиб беришни сўраб ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Давлат кадастрлар палатаси Сурхондарё вилоят бошқармаси Сариосиё туман филиалига 09.08.2021 йилда мурожаат этган.

Афсуски бундай мисоллар битта, иккита эмас, анчагина учрайди. Ҳуқуқи бузилган барча юридик ва жисмоний шахслар ҳам ўзларини суд йўли билан ҳимоя қила олмайдилар. Бу борада суд жараёнларида меҳнат жамоаларида мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб борилмоқда. Матбуот ва оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинмоқда.

Мамлакатда демократик ислоҳотлар кетаётган бир чоғда қонун устуворлигига ҳаммамиз, ҳар биримиз бўйсунишимиз, қонунларга онгли равишда муносабатда бўлишимиз керак. Ҳолбуки Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судлар мустақиллиги ва уларнинг иш услубида адолат ва шаффофлик тамойилларини янада қарор топтириш вазифалари белгиланган. Мурожаатномада таъкидланганидек, ”Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак” деган сўзлари суд ишларини кўришда адолат мезонига айланмоқда.

Қахрамон Туранов,

Сурхондарё вилоят Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси

Related Articles

Back to top button