Jahon

Шавкат Мирзиёев — яхши қўшничилик муносабатларининг ташаббускори ва архитектори

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан биргаликда Хўжанд шаҳри яқинидаги “Арбоб” маданият саройига ташриф буюрди. Бу ерда Сўғд вилояти жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, нуронийлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Тожикистон пешвоси Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан икки мамлакат ўртасида ишонч ва дўстлик муҳити яратилганини таъкидлади.

— Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва архитектори ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев, — деди Эмомали Раҳмон.

Кейинги йилларда давлат чегараларида 17 та ўтказиш пункти очилгани, Тожикистон халқи бундан миннатдор экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларга чуқур ҳурматини билдириб, халқларимиз ўртасидаги дўстликни қадрлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида нутқ сўзлади.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қарор топган яхши қўшничилик ва абадий дўстлик туфайли биз улкан натижаларга эришмоқдамиз. Албатта, бундай ютуқларга эришишда Сиз, азизларнинг, икки мамлакат жамоатчилиги ва зиёлиларининг беқиёс ҳиссаси борлигини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти ташрифининг муҳим қисми Хўжанд шаҳрида ўтаётгани бежиз эмас. Бу қадимий шаҳар ўзбек ва тожик халқлари учун бирдек қадрли. У асрлар давомида Буюк Ипак йўлидаги марказлардан бири бўлиб, минтақамиз маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган.

Душманга қарши елкама-елка курашган буюк саркардалар –хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ва Хўжанднинг шонли фарзанди Темур Малик жасорати халқларимиз хотирасида муҳрланиб қолган. Кейинчалик темурийлар, шайбонийлар ва хонликлар даврида ҳам Хўжанд муҳим қўрғон бўлган, ривожланган.

Бугунги кунда Хўжанд шаҳрида Ўзбек маънавияти ва маърифати маркази, маҳаллий университетда ўзбек филологияси бўйича мутахассислар тайёрлайдиган илмий мактаб фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда, барча миллат ва элатлар қатори, тожик маданиятини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда бир миллион олти юз минг нафар тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчи ва шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор.

Мамлакатимизда 15 та тожик миллий маданият маркази миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. 255 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилаётир. Бир қатор олий ўқув юртларида шундай факультетлар ва бўлинмалар фаолият юритмоқда. Жорий йилда ушбу йўналишларга қабул ўринлари икки баробар ортади.

Мамлакатимизда кейинги йилларнинг ўзида тожик миллатига мансуб 130 фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор  бўлди.

Ўзбекистон ва Тожикистонда икки халқнинг маданияти ва санъатини ўрганишга, ўзаро бойитишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Президентининг ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар бунга янада кенг имконият яратади. Хусусан, Маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги битим халқларимизнинг маънавий алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшларимизни умумий манфаатлар атрофида жипслаштиришга йўналтирилган қатор лойиҳаларни кўзда тутади.

Учрашувда дунё шиддат билан ўзгараётгани, бизнинг минтақамизда ҳам хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келаётгани қайд этилди.

– Биз тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамкорлик каби буюк неъматларни алоҳида қадрлашимиз ва мустаҳкамлашимиз, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини тарбиялашимиз керак, — деди Ўзбекистон Президенти. – Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирсаккина, халқларимиз учун тинчлик ва хотиржамликни, келгуси авлодларга фаровон ҳаётни таъминлашдек умумий мақсадга эришишимиз мумкин. Ишончим комилки, сиз, ижодий ва илмий соҳаларнинг ҳурматли вакиллари, ўзингизнинг бой билим ва ҳаётий тажрибангиз, ташаббускорлик ва ғайратингиз билан халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшасиз.

Президентлар «Арбоб» маданият саройини кўздан кечирдилар. Ушбу мажмуа 1959 йилда барпо этилган. У тожик халқи учун тарихий аҳамиятга эга. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бу ерда мамлакат мустақиллигига доир муҳим қарорлар қабул қилинган. Бу ерда 1992 йилда – Тожикистон тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган паллада Эмомали Раҳмон давлат раҳбари лавозимига киришган.

Related Articles

Close