Jahon

Онлайн-фирибгарлик кучайиб бормоқда

Онлайн-бизнес ривожлангани сайин интернет-фирибгарлик воқеалари сони ва турлари ҳам ортиб бормоқда. Йил бошидан буён 235та интернет-фирибгарлик аниқланиб, ўтган йил билан таққослаганда 2,5 бараварга ортган.

Вилоятимизда онлайн савдо, онлайн насия ҳужжатлаштириш кўпайган. Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, фирибгарлик жиноятларининг аксарияти одамлар кўп тўпланадиган жойларда содир этилган. Шу ва бошқа масалалар вилоят ҳокими Ўмирзақ Шўкеев раислигида ўтган ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича комиссиянинг мажлисида муҳокама қилинди. Вилоят полиция департаменти раҳбарияти фирибгарларнинг тузоғига илинмаслик учун энг аввало, шахсий маълумотларига эҳтиёт бўлиш зарурлигини таъкидлашди. Ижтимоий тармоқларда кўрсатилган шахсий маълумотларнинг ўзи жиноий гуруҳлар қурбони бўлиш учун етарли эканлиги айтилди.
– Интернетдаги фирибгарлар тер тўкмай, даромад олиш мумкинликлари хусусида. Шундай экан, шахсий маълумотларни бировга юборишдан аввал чуқур ўйлаб кўриш керак. Ҳозир бу каби жиноятлар сони кўпайиб бормоқда. Айниқса, онлайн-харид соҳасида, тўлов картаси билан, онлайн-насия бериш соҳасида, телефон қўнғироқлари ва SMS-хабарномалардан фойдаланган ҳолда маблағни ўзлаштириб олиш ҳоллари кўпайиб кетган, – деди департамент раҳбарининг ўринбосари Асилжан Қалдарбеков.
Фирибгарликнинг яна бир тури – молиявий пирамида. Полициянинг маълумотича, молиявий пирамиданинг кенг қулоч ёйиши ва унинг хизматига аҳолининг ёппасига қизиқиши қуйидаги омилларга боғлиқ: ишсизлик ва даромаднинг пастлиги, омонатчиларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводсизлиги, ваколатли идоралар томонидан зарурий ва етарли даражада олдини олиш чораларининг йўқлиги.
Ўтган йилдан буён вилоят бўйича молиявий пирамидага алоқадор 5та жиноий иш қўзғатилган. Биргина “Индиго-24” молия пирамидасига 2500 нафардан зиёд фуқаро алданган. Ярим йилдан кўпроқ вақт тергов қилинган жиноий иш бўйича 26 киши гумондор, деб топилиб бир киши халқаро қидирувга берилган. Бу иш яқинда судда кўрилади. Улар 2,5 млрд. тенге зарар келтирган.
Мажлисда интернет-фирибгарликнинг олдини олиш мақсадида профилактика чора-тадбирларини кучайтириш масаласи муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими чуқур таҳлилни талаб қиладиган масала юзасидан масъул соҳа раҳбарларига аниқ топшириқлар берди. Шунингдек, мажлис давомида айтилган камчилик ва танқидий фикрлар ҳужжатлаштирилиб, тегишли чоралар кўриш юклатилди.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати

Related Articles

Back to top button