Нега фуқаролар мурожаатининг ечимини “юқори”дан излашади?
Вилоят ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули. Сектор раҳбарлари, тегишлилиги бўйича корхона ва ташкилот раҳбарларининг бари шу ерда. Матбуот котиби бўлганим учун расмга тушириб, мақола ёзиш мақсадида мен ҳам келганман.
Мутасаддиларнинг бир оғиз таскини билан қалбида ишонч уйғонган фуқароларнинг аксарияти муаммоси жойида ҳал этилганидан мамнун. Сабаби, улар вилоят ҳокимига айтган масалани маҳалла раиси ҳам ҳал қила олади-да. Энг қизиғи, мурожаат қилиб келган навбатдаги аёлнинг масаласи бўлди.
– Еттинчи синфда ўқийдиган қизим шеъриятга қизиқади. У келажакда Зулфияхонимдек шоира бўлмоқчи. Мана бу қизим ёзган шеърлар тўплами, имкони бўлса, унинг шеърлари туманимизда чоп этилаётган газетада чиқишига амалий ёрдам берсангиз, – дея қўлидаги кўк муқовали дафтарни ҳокимга узатди.
Вилоят раҳбари дафтарни диққат билан варақлай бошлади. Лотин алифбосида йўл-йўлакай ёзилган жумлалар (тўғриси уни шеър ҳам деб бўлмайди-да)га назар солди. “… Мен осмон ва само юлдузи. Яхши ўқишга одатланганман. Доим баҳоим бўлади беш. Шеърларим газетга чиқса, хурсанд бўлади онам. Афсус газетнинг ўзи йўқ. Шеърларим унда чиқмайди…”
Ҳоким туман газетасининг бош муҳарририни излади. Аммо нима сабабдандир (балки, бизга ҳеч ким мурожаат қилмайдику, деб ўйлагандир) бош муҳаррир сайёр қабулга келмаганди. Газетанинг ходимлари йўқлиги сабабли, дафтарни етказиб бериш топшириғи менинг зиммамга юклатилди. Мурожаатчи билан икки оғиз суҳбатлашдим.
– Қизингизнинг шеърларини чиқариш мақсадида таҳририят ходимларига учрашдингизми? Улар шеърларни кўришдими?!
– Йўқ, тўғриси, шу пайтгача туманимизда газета нашр этилишини билмасдим. Шунинг учун вилоят ҳокимининг қабули бўлаётганини маҳалладошларимдан эшитиб, қизимнинг шеър ёзилган дафтарини олиб, тўғри келавердим. Ўзи мурожаатим ижобий ҳал бўлдими? Туманимизда қандай газета чиқади?
– Қизингизнинг шеърларини таҳририят ходимларига бугуннинг ўзида етказиб бераман. Туманимизда 1936 йилнинг 19 октябридан бошлаб, турли номларда газета чиқа бошлаган. Айни вақтда эса “Жараён” номи билан нашр этилмоқда.
Қабулга келган навбатдаги аёлнинг мурожаати ҳам ҳайратланарли. Нега десангиз, 2021 йилнинг 7 январь санасида ўзим юритаётган @shurchipress_bot телеграмм бот орқали қилган мурожаатининг 13 январь куни ижобий ечим топишида бош-қош бўлганман. Ажабланарлиси шундаки, аёлнинг ўз имзоси билан ёзган ташаккурномаси ҳам бор. Энди унинг вилоят раҳбарига айтаётган сўзларига сиз ҳам эътибор беринг-да.
– Газ баллон масаласида бир неча маротаба туман ҳокимлигига, журналистларга ҳам мурожаат қилдим. Аммо менинг ишимни ҳеч ким кўрмади. Ҳеч қандай ижобий натижа йўқ. Мажбурман энди, Президентга чиқишга. Ҳаммаларинг алдовчи “мошениство” ахборотларни тарқатасизлар. Ҳоким ва бошқа раҳбарларнинг бизга ўхшаган халқ билан умуман иши йўқ. Кўзбўямачилик билан шуғулланишга одатланиб қолгансизлар. Тумангаз ходимлари ҳар доим қўпол муомала қилишади. Биз ҳам одаммиз. Ердан чиққан қўзиқорин эмас.
Яхшиямки, сумкамда опа ёзиб берган ташаккурнома ва газ филиали ходимларининг опанинг биз орқали қилган мурожаати бўйича газ баллон етказиб берган расми турган экан. Ўша заҳоти вилоят раҳбарига кўрсатиб, қилинган мурожаат ижобий ҳал этилганини таъкидладим.
Бундай бўлишини кутмаган аёлнинг юзи қизармасада, кўзлари ёшланди. “Мен, мен мурожаатда адашиб кетдим. Аслида… маҳалламиз раисининг болалар пулини олишимда кўмаклашмаётганини айтмоқчи эдим”. Бу изоҳ энди кеч.
Навбатдаги мурожаатчи, ўзини ўйлантираётган муммо юзасидан сўзлай бошлади.
Туман раҳбарларини вилоят раҳбарларига ёмон кўрсатиш мақсадида ёки уйда зерикиб ўтиргани оқибатидан ёлғон мурожаат қилган аёлнинг асл мақсади бизга қоронғу. Балки вилоят ҳокимини кўриш, танишиш, у билан нима масалада бўлса ҳам гаплашиш мақсадида келгандир. (Аксарият аёлларнинг дугонасига мен вилоят ҳокими билан учрашдим, туман ҳокими билан гаплашдим деб мақтанаётганига бир неча бор гувоҳ бўлганман) Кўпнинг орасида ўз ёлғони фош бўлган аёлнинг маҳалла раисининг хатти-ҳаракати юзасидан қилаётган навбатдаги мурожаати қай даражада тўғри.
Аксарият мурожаат қилувчилар туман ҳокимлигига, тегишли идораларга қилинган мурожаатлари ижобий ечим топмаслиги, масъул шахслар сансолорлик, ортиқча оворагарчилик ёки аҳолига қўпол муносабатда бўлиш каби кўнгилни хира қилувчи ҳолатлар ҳақида гапиришга ўрганиб қолишгани, муаммолар ижобий ечим топмагани учун “юқорига” мурожаат қилишга мажбурмиз дейишади. Аслида-чи?!
Аслида фуқаролар мурожаат қилиш тартиб-тамойилини билишадими?! Мурожаати ижобий ҳал этилгани учун ташаккурнома ёзиб берганидан сўнг ҳам яна мурожаат қилишнинг нима кераги бор? Ёки бўлмаса кўринишидан туппа-тузук аёлларнинг сайёр қабулга келиб “Маҳалла раиси ҳеч қачон оиламдан, фарзандларимдан хабар олмаган. Оилавий шароитим жуда оғир. Турмуш ўртоғим ўқимаганлиги сабабли ҳеч қаерда ишламайди. Фарзандларим мунтазам кўз ёшларимга гувоҳ бўлиб улғайишаётгани менга алам қилади…” йўсинидаги мурожаатининг ортида нима бор?!
Маҳалла раиси ишсиз юрган қайси фуқаронинг уйидан хабар олишга улгурсин. Турмуш ўртоғининг ўқимасдан ишсиз қолиб келганига мутасадди раҳбарлар айбдор эмаску?! Излаган имкон топар деганларидек, ўқимаган бўлса ҳам оиласини боқиш учун ҳунар ўрганса бўлади-ку. Ёки бўлмаса, ихтиёридаги томорқасида деҳқончилик қилиш учун ҳаракат қилса, назаримда, ҳеч ким уни бу ниятидан, имкониятидан қайтармайди.
Сайёр қабулда жуда кўп мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатларнинг аксарияти “Маҳалла раиси менга моддий ёрдам бермади. Икки нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайди. Туман ҳокимидан ёрдам беришни сўрагандим” мазмунида бўлди.
Бу фуқароларнинг мурожаатлари атрофлича ўрганилиб, бир неча маротаба туман ҳокимлиги ва маҳалла томонидан моддий ёрдам кўрсатилган. Бу ёрдамлар натижасида одамларнинг тасаввурида боқимандалик, дангасалик кайфияти уйғониб қолган, шекилли. Наҳотки, улар ўзлари, ўзларининг фаровон ҳаёти учун ҳаракат қилгиси келмайди. Давлат ёрдамининг ҳам чек-чегараси бор, ахир. Меҳнат қилиб нон топиш, тўкин дастурхон атрофида фарзандлар қуршовида ўтиришнинг ҳам ўзгача гашти бор. Зеро, ота-боболаримиз меҳнат қилиб топганинг, қанду новот тотганинг, деб беъжизга айтишмаган.
Нигина ШОЕВА