Вақт ва масофа чекинмоқда
Никоҳ, туғилиш, ажралиш ва ўлим каби ҳаётий воқеалар бор экан, уларни қонуний қайд этишга эҳтиёж бўлади. Кундалик турмушда бундай ҳолатлар ҳар куни учрайди. Шунинг учун ҳам уларни қайд этувчи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари бинолари доим одамлар билан гавжум. Мана шу гавжумлик ушбу соҳада айрим муаммолар юзага келишига сабаб бўлган. Турнақатор навбатлар, ишни тезроқ битириш учун пора бериш, фойда келмайдиган ишларни ҳал этишни пайсалга солишдек иллатлар учраб тургани ҳам сир эмас.
Доимо одамлар билан гавжум бўладиган ушбу масканда фуқароларга хизмат кўрсатишни юқори босқичга кўтариш долзарб масалалардан бири саналади. Давлат хизматлари агентлиги томонидан бу борада олиб борилаётган амалий ишлар шу каби муаммоларни бартараф этишга қаратилган.
Бир неча ўн йиллик маълумотларни ўзида жамлаган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларидаги архив ҳужжатларидан маълумотларни излаш ходим учун ҳам мурожаат билан келган фуқаро учун ҳам анчагина мураккабликларни юзага келтириши табиий. Чунки орада йўқотилган вақтда бошқа муҳим юмушларни бажариш мумкин. Эндиликда бу сингари сарсонгарчиликларга ҳам барҳам бериладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-тамоилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 7-бандига асосан Адлия вазирлигига 2021 йилнинг 1 январига қадар ФҲДЁ бўлимлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини тўлиқ шакллантириш вазифаси юклатилган бўлиб, давлат хизматлари агентлиги томонидан бу борадаги ишлар айни пайтда қизғин олиб борилмоқда. Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан вилоятдаги мавжуд ФҲДЁ бўлимларида ушбу йўналишдаги ишлар белгиланган тартибда ташкил этилган.
Вилоятда жами бўлиб 4 миллион 4 минг 502 та далолатнома ёзувлари мавжуд. Бугунги кунга қадар ушбу қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатлардаги далолатнома ёзувларининг 2207125 таси ахборот тизимига киритилди.
Бунинг учун Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан 182 та қўшимча ходимлар билан меҳнат шартномалари тузилиб, улар самарали ишлашлари учун зарур компьютер, оргтехника воситалари, офис жиҳозлари ва интернет алоқаси билан таъминланди.
Рақамлаштириш жараёнига жалб этилган архивариусларга барча шароитлар яратилган бўлиб, улар томонидан олиб борилаётган ишлар кунлик назоратга олинган. Шу ўринда айтиш керакки, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимини шакллантириш жараёни келгусида соҳада қулайликлар яратиш билан бир қаторда бугунги пандемия даврида Сурхондарё вилоятида 4 ойга бўлсада 200 нафарга яқин ишсиз юрган фуқароларни айниқса ёшларни бандлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлмоқда.
-Мен 2019 йилда Термиз юридик коллежини тугатиб ҳужжатларимни Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармасига топширгандим. Улар мени кадрлар захирасига олишди. Бугунги кунда эса, Қумқўрғон туман ФҲДЁ бўлимида тўрт ой муддатга архивариус вазифасига ишга жалб қилиндим. Айни пайтда кунлик 300-350 та далолатнома ёзувларини электрон базага киритияпман. Бу билан мен нафақат оиламга моддий жиҳатдан кўмаклашаяпман балки, иш ўрганиб тажриба ҳам орттирияпман. Албатта, бу келгуси фаолиятимда муҳим саналади,-дейди Мунаввар Мамаражабова.
Аҳолига тезкор равишда ФҲДЁ архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архиви шакллантирилиши натижасида фуқаролар ФҲДЁ органларида қайд этилган далолатнома ёзувлари билан боғлиқ зарур маълумотларни олишга бир неча кун эмас, балки муайян дақиқалар сарфлайди. Марказлардан узоқда жойлашган туманлар аҳолисига “мобиль давлат хизматлари” кўрсатиш имкони яратилади.
Бу амалиёт аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг вақтини тежаш, транспорт ҳаражатларини қисқартириш билан бирга, ҳуқуқий маданиятини ошириш, бюрократия ва коррупция юзага келишининг олдини олишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Инобат Тошбадалова,
ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси