Ҳукмни ким чиқаради, терговчими, судьями?…
Ҳукмни терговчи чиқарадими ёки судьями, деб сўрасангиз ҳамма “Судья” деб жавоб беради. Қонунларимизда шундай кўрсатилган. Лекин аслида яқин-яқингача ҳукмни терговчи чиқарарди, судья эса уни тасдиқларди. Шундан сўнг ҳукм кучга кирарди.
…Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг 2016 йил 16 сентябрдаги ҳукми билан Олтинсой туманида яшовчи олти киши, Илясов Мирхамид, Аминов Абдулла ва бошқаларга жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми “б”-банди билан ва 2442-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб беш нафарига 6 йил ва бир нафарига 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Судланганларнинг маълум қилишича, уларни Россиядан қайтгач Сурхондарё вилоят ИИБ ҳузуридаги реабилитация маркази яъни “дайдихона”да ушлаб туришган. Шу ерда уларга нисбатан “Ҳизб ут-таҳрир” диний экстремистик оқимига аъзо бўлганликлари, уларнинг йиғилишларида иштирок этишгани, Ўзбекистонда давлат тузумини ўзгартиришга ҳаракат қилишганлиги ҳақидаги “далил”лар ёзилган ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Албатта, аслида шу жиноятни содир қилган киши ҳам ўз ихтиёри билан бўйин олмайди, бунда терговчининг билими ва тажрибаси бўлмаса жиноятни содир этган киши жазодан қутулиб қолиши ҳам мумкин. Лекин амалда синовдан ўтган усуллар борки, бу усул қўлланганда нафақат жиноятчи, ҳаттоки худо бехабар алкаш ҳам “Мен беш вақт намозимни тўлиқ адо этганман, ҳамма диний оқим аъзосиман, давлатга қарши жиҳод қилганман”деб “айб”ини тан олиши мумкин. Худди шу усул бу олтовланларга ҳам қўлланилди. Қисқаси, “Жиноят фош этилди” энди ишни судга ўтказса бўлди. Ишни кўриб чиққан судья эса ишдаги ҳужжатларга бир кўз югуртириб чиқади-да, ҳукмни ўқиди. Адолат билан айтганда ўша пайтларда судьянинг бундан бошқа иложи ҳам йўқ эди.
Энди ўзингиз айтинг, ҳукмни ким чиқарди, эндиям “Судья” деб кўрингчи!
Замон ўзгарди, янги Президент сайланди. Жиноят судлари ҳам ислоҳот қилинди, лекин Президентимизнинг адолатли чақириқлари ҳали ҳам суд идораларининг барчасига етиб борган йўқ.
Юқоридаги олти нафар судланувчилардан бири Илясов Мирхамид худди ўзи каби “давлатга қарши жиноятлари ва диний экстремистик оқимга аъзо бўлгани” учун судланганларнинг кўпининг иши судда қайта кўрилиб озод бўлаётганлигини кўриб адвокат ёллади ва Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят йўллади, унинг шикоятини Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси “Суд тўғри жазо берган”дея жазодан озод этишни рад этди.
Сиз жиноят қилган кишилар жазосини олибди-да, бунинг нима аҳамияти бор? дерсиз.
…Ўша олти нафар “жиноятчи”нинг каттаси, яъни жиноий гуруҳнинг бошлиғи Ф.Аминов Россияда эди, ўша пайт унга нисбатан қидирув эълон қилинади ва орадан анча ўтгач, у Ўзбекистондақайтарилиб юборилади, уни ҳам қамоққа олишади.
Унинг ҳам ишидаги ҳужжатлар шу олти нафар судланувчиникидан оғир бўлса оғир эди-ки, енгил эмасди. Бу пайтга келиб суд тизими ислоҳот қилинган, ишни адолатли кўриш йўлга қўйилган эди. Энди судьялар терговчилар томонидан чиқарилган ҳукмни тасдиқловчи эмас, адолатли ҳукм чиқариши имконига эга бўлган судьялар эди. аммо ҳалиям аввалги “сиёсат”нинг таъсиридан буткул қутулмаганликлари сезилиб турибди. Алқисса “жиноятчи”ларнинг каттасига 3 йил жазотайинлаб қўйишди, чунки унинг ишидаги 159-моддаси 3-қисми “б”-бандида назарда тутилган жиноят олиб ташланди.
Судланган олти кишидан Илясов Мирхамид ва баъзилари ҳалиям жазо муддатини ўташмоқда. Тўғри, “зона”да эмас, “колонка” да, яъни, манзилли колонияда. Қўриқчисиз ишга боради, қариндошлари билан бўш вақтларида истаганча кўришади. Рухсат берилса, колониядан ташқарига ҳам чиқади. Лекин барибир жазо муддатини ўтаяпти. Шунинг учун ишининг қайта адолатли кўриб чиқилишидан умидвор. Судьялар эса ишдаги ҳужжатларга қараб: “Жиноят содир этилган-ку, мана ҳужжатлар”деб турибди. Ўша “далил”лар ўша пайтда қандай йўллар билан олинганини сўрашга, қайта суд тергови ўтказишга ва ҳаттоки берилган жазони енгиллатиш учун “от бошидек” юрак ва жасорат керак. Бу эса ҳаммада ҳам топилмайди. Чунки бу кишиларнинг озодлиги учун бошига келиши мумкин бўлган маломатларга ҳамманинг ҳам тоқати етмайди!
Бор гап шу, энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳукмни аслида ким чиқарган?…
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
– Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби! – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Президентимизнинг талаби қачон амалга оширилади? Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбарларидан жавоб кутамиз.
Истак Алимов