ПРЕЗИДЕНТИМИЗ СУД ТИЗИМИДА ЯНА БИР МУҲИМ ТАРИХИЙ ҲУЖЖАТНИ ИМЗОЛАДИ
Суд остонасига қадам қўяётган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм топаётганига, инсон ҳақ-ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Бунинг учун эса судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим.
Айни мақсад йўлида кейинги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотларни нафақат ҳуқуқшунос ва шу тизим вакиллари, балки бутун халқимиз кўриб, ҳис қилиб турибди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, суд идоралари адолат қўрғонига айланиши учун нимаки зарур бўлса – моддий-техника базами, билимли замонавий кадрларга эҳтиёжми ёки аҳоли ҳуқуқий маданиятини оширишми – барчаси амалга оширилмоқда. Натижада судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлида салмоқли қадамлар ташланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 24 июль куни қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги №ПФ-6034-сонли Фармон ҳам бу борадаги яна бир муҳим тарихий ҳужжат бўлди.
Мазкур фармон фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, одил судловга эришиш, қолаверса, холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб қолиши, шубҳасиз.
Фармон билан суд тизимининг ички тузилмаси тартибга солинмоқда. Вилоят судларининг ҳозирги тузилмасида ягона суд амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилаётган ҳолатлар мавжуд эди. Хусусан, бу кўпроқ судларнинг тарқоқлигидан фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлаётгани, алоҳида фаолият юритиши синовдан ўтган хорижий амалиётга тўғри келмаслиги каби муаммолар билан боғлиқ. Энди эса мамлакатимизда вилоят даражасидаги жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.
2021 йил 1 январдан эътиборан уч йўналишдаги судлар негизида ягона суд ташкил этилиб, менежер мақомига эга бўлган вилоят суди раиси фаолият олиб боради. Ҳар бир йўналиш бўйича ўринбосар лавозими жорий этилади. Судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят судининг ҳар бир ҳайъатида 6 нафардан 19 нафаргача судьядан иборат алоҳида жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича ҳайъатлар ташкил этилади. Бу албатта, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Фармонга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Шунингдек, Фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилмоқда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарори, ҳукми, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинмоқда. Бу қоидалар суд қарорларининг ҳар томонлама пухта, қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга тўла мувофиқ қабул қилинишини, судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Фармон билан жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда, тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгиловчи, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқловчи ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилмоқда.
Эндиликда туманлараро, туман ва шаҳар судларининг қарорлари вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорлари эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва ўринбосарлари протестига кўра, кассация тартибида такроран кўриб чиқиш, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра, жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзгатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш тартибларининг жорий этилиши ҳам одил судлов самарадорлигини оширишнинг муҳим қадамларидир.
Шунингдек Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибининг тузилиши инвесторлар ҳуқуқларининг суд орқали ҳимояланишининг муҳим шартидир. Бунда судлов таркибига инвестиция киритилган санада 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилмоқда. Бу билан йирик инвесторларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларининг суд орқали ишончли ҳимоя қилиниши Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим омил саналади.
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди раиси М.Хакимов