Bu qiziq
Алберт Эйнштейндан ҳаётий сабоқлар
Алберт Эйнштейн буюк олим, бир қатор оламшумул физик қонуниятлар кашфиётчиси, бир нечта илмий асарлар муаллифи сифатида тарихда ном қолдирган. Унинг доно фикрлари, ҳикмати сўзлари ҳам машҳур. Дунё кўрган донишманд олимнинг ҳаётий тажрибалари, тавсиялари сизу бизга ҳам фойда бериши шубҳасиз.
- Барчамизда иқтидор бор. Лекин балиқни дарахтга тирмашиб чиқиш қобилияти бор-йўқлиги масаласида муҳокама қилсангиз, у ўзини бир умр лапашанг ҳис қилиб ўтади.
- Мен ҳамма билан бир хил муомала қиламан. Хоҳ у фаррош бўлсин, хоҳ – университет ректори.
- Тасаввур билимдан кўра кўпроқ аҳамиятга эга. Билим биз ҳозир биладиган ва тушунадиган нарсаларгагина таянади. Тасаввур эса бутун оламни ва биз қачонлардир тушанадиган, билиб оладиган нарсарни ҳам қамрайди.
- Мантиқ сизга A нуқтадан B нуқтага бориб олишингиз учун ёрдам беради. Тасаввур эса бутун дунёни кезишингиз учун қанот бағишлайди.
- Одам ёш бўлган пайтда ёлғизлик – азоб, лекин камолотга ета боргани сари унинг илҳомбахш кучи ортади.
- Буюк ақллар ҳамиша ўртача ақлларнинг шиддатли қаршилигига дуч келади. Чунки ўртача ақл эгалари эскича фикрлашдан йироқ, ўз салоҳиятидан мардона ва ҳалол фойдаланадиган кишиларни қабул қила олмайди.
- Буюк шахслар гўзал нутқлар воситасида эмас, ўз меҳнатлари ва уларнинг натижалари орқали шаклланади.
- Агар болаларингиз ақлли бўлишини истасангиз, уларга эртаклар ўқиб беринг. Агар янада ақллироқ бўлишларини хоҳласангиз, унданда кўпроқ эртак ўқиб беринг.
- Билимни ўзлаштириш қобилиятимдан кўра фантазия қобилиятим мен учун қадрлироқ.
- Эришган барча ютуқларим алоҳида ақл соҳиби эканимдан эмас. Мен масалаларни ечишда узоқ вақт таслим бўлмайман.
- Муваффақиятга эришиш учун эмас, ҳаётинг маъно касб этиши учун интил. Одамнинг ҳаёти бошқалар ҳаётини қай даражада гўзал ва мазмунли этганига қараб аҳамиятлидир.
- Бизни эзгу ўй ва амалларга йўлловчи ягона восита – буюк ва маънавий покиза инсонлар тимсолидир. Одамга бирор нарсани ўргатишнинг ягона оқилона йўли – мисол келтиришдир.
- Шуҳратим ошгани сари сийқаланиб боряпман. Афсуски, бу – жуда кенг тарқалган ҳолат.
- Ҳеч қачон хато қилмаган одам бирор-бир янги нарсани ҳеч қачон синаб кўрмаган бўлади.
- Агар мавзуни осон тушунтира олмасангиз, демак уни етарли даражада билмайсиз.
- Агар одам жазодан қочиш ёки мукофот олиш учунгина тартиб-қоидаларга риоя қилса, бунинг ҳеч бир яхши жиҳати йўқ.
- Ақлий ўсиш туғилгандаёқ бошланиши ва фақат ўлим пайтидагина тўхташи керак.
- Бизнинг дунёимиз яшаш учун хавфли жой. Айримлар ёмонлик қилаётгани учун эмас, қолган барча буни жим кузатиб тургани учун.
- Табиатга яхшилаб назар солинг, шунда кўп нарсаларни чуқурроқ англайсиз.
- Биринчи галда ўйин қоидаларини яхшилаб ўрганиб олиш зарур. Шундан сўнг бошқаларга ўхшамаган ҳолда ўйнай бошлайсиз.
- Мен ҳамиша шундай фикрдаман: менинг ички ва ташқи ҳаётим оламдан ўтиб кетган ва ҳозир тирик бўлган бошқа одамларнинг фикрлари, ишларига асосланган. Мен улардан олган ва олаётган даражада ўзимдан маънавий мерос қолдиришим керак.
- Билим бу – мактабда ўргатилган ҳамма нарса эсингдан чиқиб кетгандан кейин ўзингда қолган нарсалардир. Савол беришдан тўхтамаслик жуда муҳим. Қизиқувчанлик одамга бежиз берилмаган. Чегараларини бир марта кенгайтирган идрок ҳеч қачон эски жойига қайтмайди.
- Биз муаммони яратган фикрлаш тарзимиз билан уни ҳал эта олмаймиз.
- Агар бахтли ҳаётга эришмоқчи бўлсангиз, одамларга ёки нарсаларга эмас, мақсадларга боғланган бўлишингиз керак.
- Ўзингни хурсанд қилишнинг энг яхши йўли – бошқа бировга қувонч бахш этишдир.
- Баъзида бир савол мени ўйлантириб қўяди: мен аҳмоқманми ёки мендан бошқа ҳамма?
- Тинчликка куч билан эришиб бўлмайди. Уни фақат муроса билангина қўлга киритиш мумкин.
- Кичик ишларда ҳақиқатдан кўз юмадиган кишига муҳим ишларни топшириб бўлмайди.
- Оммага эргашган одам ундан ўзиб кетолмайди. Ўз онги билан ҳаракат қиладиган киши эса ҳеч кимнинг оёғи етмаган манзилларга бора олади.
- Интуиция – илоҳий неъмат, мулоҳазали ақл – содиқ хизматкордир.
- Фақат ақлимга таянганимда, бирорта кашфиёт қила олмаган бўлардим.
- Заковат ўқиш-ўрганиш эмас, унга эришиш йўлидаги ҳаракатлар мевасидир.
- Мен ҳеч қачон келажак ҳақида ўйламайман. Ахир у шу ерда ва ҳозирнинг ўзида рўй беряпти.
Ориф Толиб таржимаси