Ўзбекистон Президенти Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанада иштирок этди
Маълумки, бу йил Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбир 9 май куни ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо коронавирус пандемияси сабабли уни ташкиллаштириш кейинги муддатларга сурилди. Зафарли 1945 йилда Ғалабанинг биринчи марказий паради 24 июнь санасида ўтказилгани боис жорий йил ҳам бундай тантана учун айнан шу кун танланди.
Мазкур тарихан муҳим воқеани биргаликда нишонлаш мақсадида Россия ҳукумати музаффар мамлакатлар раҳбариятлари номига таклифномалар юборди. Ўзбекистон ҳам, албатта, ўша ғолиб давлатлар сирасида. Халқимизнинг ўша машъум урушда муваффақият учун қўшган ҳиссаси, ҳеч муболағасиз, улкан.
Масалан, сўнгги пайтларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида юртимиздан 2 миллионга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Фронт ортида ҳам ўзбекистонликлар кўрсатган матонат келажак авлодларга чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди.
Шу боис мамлакатимиз вакиллари Ғалабанинг 75 йиллик шонли санаси муносабати билан Москва шаҳрида ўтказиладиган тантанага таклиф этилди.
Таъкидлаш жоиз, пандемия бутун дунёга ўз таъсирини кўрсатаётган ҳозирги оғир шароитда давлатимиз раҳбарининг бундай тадбирда иштирок этишининг ўзи аждодларга хос қаҳрамонлик ифодасидир. Экспертлар фикрига қараганда, мустақил Ўзбекистон Президентининг илк бор қатнашиши параднинг нуфузини сезиларли даражада оширади.
Ҳарбийларимиз ҳам мазкур тадбирда юртимиз истиқлолга эришганидан кейин биринчи бор иштирок этишлари. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кеча Россия Президенти Владимир Путин билан Кремлда бўлиб ўтган учрашувида таъкидланидек, бу бизнинг умумий тарихимиз, умумий ғалабамиздир. Халқларимиз намойиш этган жасорат барчамиз учун чексиз ғурур манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимиз раҳбари Москванинг Қизил майдонида бўлиб ўтган тантанали тадбирда ўз иштироки билан Ўзбекистон элининг шонли Ғалабага эришишдаги умум эътироф этилган буюк хизматига ҳурмат бажо келтирди.