Kasbim-faxrim

Фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари янада самарали таъминланади

“Постда-На посту” газетаси мухбири Камолиддин Оллоёров ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Муҳамедов билан суҳбатлашди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Хусусан, айни шу йўналишда мавжуд миллий қонунчилигимизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу борадаги амалий ишлар изчил давом эттирилаётгани эса, янада эътиборлидир.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни жорий йилнинг 18 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди, 28 февраль куни Сенат томонидан маъқулланди ва 13 март куни Президент томонидан тасдиқланди.

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Муҳамедов билан суҳбатимиз мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида бўлди.

– Улуғбек Тошпўлатович, аввало айтинг-чи, янги таҳрирдаги қонун Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонундан қандай фарқланади?

– Ҳажман олганда, Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуни 8 та бўлим, 45 та моддадан иборат бўлган. Янги таҳрирдаги қонун эса 10 та бўлим, 58 та моддани ўз ичига қамраб олган.

Кўринадики, янги қонунга қатор моддалар қўшилиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар фуқароларимизнинг, хусусан, мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ва янада самарали ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан муҳимдир.

– Янги таҳрирдаги қонуннинг мазмун-моҳияти, асосий жиҳатлари тўғрисида ҳам батафсил сўзлаб берсангиз.

– Таъкидлаш жоизки, мазкур қонунда, аввало, фуқаролик институтининг мазмун-моҳияти, унинг ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги асосий тушунчалари аниқ белгилаб берилди. Иккинчидан, эндиликда қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублик тушунчаси ўзгарди, унинг янги талқинида аҳолининг янада кенгроқ қатлами қамраб олинди.

Учинчидан ва энг муҳим жиҳатларидан бири, мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш институти жорий этилди. Яъни, мамлакатимиз ҳудудига 1995 йил 1 январга қадар доимий яшаш учун келган шахсларнинг фуқаролигини тан олиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган 49 228 нафар фуқаролиги бўлмаган ҳамюртимизга (50,6%) фуқаролик берилиши учун асос бўлди. Бундай фуқаролар Тошкент вилоятида – 8 975, Сурхондарёда – 8 837, Қашқадарёда – 6 576, Фарғонада – 6 122, Сирдарёда – 4 834, Тошкент шаҳрида – 4 668, Андижонда – 4 086, Наманганда – 1 396, Бухорода – 794, Қорақалпоғистон Республикасида – 781, Жиззахда – 745, Самарқандда – 682, Навоийда – 368 ва Хоразмда 364 нафарни ташкил этади.

Тўртинчидан, туғилган жойи ва ота-онасининг фуқаролиги бўйича хорижий давлат фуқароси ҳисобланган болаларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тартиби белгиланиб, либераллаштирилди. Шунингдек, фуқаролик соҳасида бола ҳуқуқлари мустаҳкамланди.

Бешинчидан, янги таҳрирдаги қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишнинг қуйидаги турлари назарда тутилган:

Умумий тартибда – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил яшаган хорижий давлат фуқаролари (хорижий давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса), шунингдек, яшаш гувоҳномасига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади. Бунда фуқародан хорижий давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлиши, қонуний тирикчилик манбаининг мавжудлиги, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига риоя қилишни зиммасига олиши, давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиши талаб этилади;

Соддалаштирилган тартибда – хорижий давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошларга тақдим этилади. Шу ўринда маълумот учун айтиш жоиз: “Ватандош” — Ўзбекистон Республикасида туғилган ёки яшаган, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшаётган ва тўғри шажара бўйича аждодлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахс ҳамда унинг тўғри шажара бўйича қариндошларидир;

Алоҳида тартибда – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан берилади (амалдаги қонунда бу тартиб кўзда тутилмаган);

Олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш асослари бешдан олтига кўпайди, улардан бирининг шартлари ўзгарди (Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилишига замин бўладиган узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаслик муддати уч йилдан етти йилга узайтирилди).

Булардан ташқари, фуқароликка қабул қилиш, уни тиклаш ёки ундан чиқиш чоғида ҳужжатларни тайёрлаш тартиби, фуқаролик масалаларига оид материалларни кўриб чиқиш муддатлари, фуқаролик масалалари бўйича материалларни кўриб чиқишни тугатиш тартибининг аниқ асослари қонуннинг ўзида белгилаб берилдики, бу ҳам алоҳида эътирофга молик жиҳат.

– Қонун қачондан эътиборан кучга киради? Эндиликда фуқароликка қабул қилиш масаласи қай тартида ҳал этилади? Фикримизча, айни шу саволларга жавоблар кўпчиликни қизиқтиради…

– “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” янги таҳрирдаги қонуннинг 58-моддасида қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кириши, унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш бўйича моддалари эса жорий йилнинг 1 апрелидан амалга киритилиши қайд этилган.

Демак, қонуннинг 6-моддасида назарда тутилган тартибда жорий йилнинг
1 апрель кунидан бошлаб, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда 2020 йил 1 апрелга қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Худди шунингдек, ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари деб тан олинган, улар билан биргаликда мамлакатимизга кириб келганда 18 ёшга тўлмаган бўлиб, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда 2020 йил
1 апрелга қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб келган шахс бўлса, у ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Юқорида асосларга тўғри келувчи шахслар доимий яшаш жойларидаги ҳудудий ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Уларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш учун тасдиқловчи қонуний асослар ички ишлар органлари томонидан уч ойгача муддатда кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ, вилоятлар ИИБлари томонидан хулоса тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан маъқуллангандан сўнг ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиниб, фуқаролик паспорти билан расмийлаштирилади.

Фуқароликка тан олиш учун қонуний асоси мавжуд бўлмаган шахслар умумий тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишга доир ҳужжатларни топширадилар ва ҳужжатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича Президентнинг тегишли фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинишлари мумкин.

“Постда-На посту” газетаси мухбири Камолиддин Оллоёров суҳбатлашди

Related Articles

Back to top button