Ўзбекистонда бешта педагогика институтлари ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 27 февралда «Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади.
Қарорга кўра 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрлаш ўқиш муддати 3 йил бўлган бакалавриат таълим дастурлари асосида амалга ошириладиган педагогик таълим соҳасининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди. Ҳудудларда педагогик таълим инфратузилмасини яхшилаш, таълим соҳаси учун мутахассис тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:
Самарқанд давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти;
Андижон давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Андижон давлат университетининг Педагогика институти;
Бухоро давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Бухоро давлат университетининг Педагогика институти;
Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ҳамда Термиз давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Термиз давлат университетининг Педагогика институти;
Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали
ҳамда Қарши давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилади.