O`zbekiston

Сайлов билан боғлиқ низолар бу борада фуқароларнинг мурожаати қандай тартибда кўриб чиқилади?

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модер­низа­ция­лаш бўйича тегишли чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қайд этилганидек, сиёсий ҳаё­тимизда муҳим аҳа­мият­га эга бўлган сайлов тизимига оид қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганди. Шунинг учун халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси белгилаб берилди.

Мазкур вазифа Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига киритилди.

Шу пайтга қадар сайловга оид муносабатлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўз­бекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари ви­лоят,­ туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солиб келинган. Шунингдек, бу соҳада қирққа яқин қонун ости ҳужжатлар қабул қилинган.

Янги Сайлов кодексида, биринчидан, бугунга қадар тарқоқ ҳолда амал қилган сайлов тўғрисидаги ана шу қонун ҳужжатлари ўзаро уй­ғунлаштирилди. Иккинчидан, мазкур кодексни ишлаб чиқишда халқаро норма ва стандартлар талабларидан келиб чиқилди. Учинчидан, сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашувлар назарда тутилди.

Мамлакатимиз тарихида биринчи марта ишлаб чиқилган ва қабул қилинган Сайлов кодекси 18 боб, 103 моддадан иборат.

Сайлов кодексида қуйидаги янгиликлар ва асосий қои­далар мустаҳкамлаб қўйилган.

Биринчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида амалдаги 150 депутатлик ўр­ни сақлаб қолинган ҳолда, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига қуйи паллатада депутатлик ўринлари учун квота ажратиш институти чиқариб ташланди.

Иккинчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутутлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди.

Учинчидан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш қонун билан тартибга солинадиган бўлди.

Тўртинчидан, сиёсий пар­тиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қў­йиши мумкинлиги белгиланди.

Бешинчидан, муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетени жорий этилиб, шу муносабат билан “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланди.

Олтинчидан, сайловларни ўтказиш ёки ташкил этиш масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби аниқ белгилаб қўйилди.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари қонун билан кафолатланган ва суд томонидан маъмурий-ҳуқуқий тартибда ҳимоя қилинади.

Агар фуқаро сайловчилар рўйхатида хато ёки ноаниқликларни аниқласа, тегишли сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Шунингдек, фуқаро бу ҳақида судга ҳам мурожаат қилиши мумкин.

Шу ўринда фуқароларнинг сайловга оид мурожаатларини ҳал этиш тартиби ҳақида тўхталадиган бўлсак, сайлов комиссиялари эндиликда келиб тушган мурожаатларни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади. Улар томонидан ушбу мурожаатлар юзасидан текширувлар ўтказилади ва уч кунлик муддатда ёзма жавоб берилади. Агар сайловга камида олти кун қолган ёки мурожаат овоз бериш куни келиб тушган бўлса, унда бу мурожаатлар дарҳол кўриб чиқилади.

Мурожаатлар сайлов комиссиясида юритиладиган қайдлов дафтарида рўйхатга олинади. Сайлов комиссияси раиси мурожаат келиб тушгач, комиссия аъзолари иштирокида ушбу мурожаат муҳокамасига бағишлаб мажлис ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.

Мурожаатни кўриб чиққан сайлов комиссияси аъзолари қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.

Сайлов комиссияси ваколатига кирмайдиган мурожаатни уч кунлик муддатда тегишли органгаюборилади ва бу ҳақида мурожаат юборган шахс хабардор қилинади.

Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ҳам кодексда ўз ифодасини топган.

Жумладан, депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Фуқаролар сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан тўғридан-тўғри тегишли маъмурий судга мурожаат қилиши мумкин.

Бунда сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилади.

Мурожаат бўйича ўтказиладиган суд мажлисида аризачи ва тегишли сайлов комиссиясининг вакили, шунингдек, прокурор, агар шикоят ариза берган шахсга эмас, бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахс иштирокида кўриб чиқилади. Юқорида қайд этилган шахсларнинг келмаслиги шикоятни судда ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Эътиборлиси, суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади ва дарҳол ижро этилиши шарт.

Хулоса ўрнида айтганда, фуқароларнинг ҳуқуқий онгива дунёқараши юқорилиги, айниқса, улар ўзларининг сайлов билан боғлиқ ҳуқуқларини пухта билиши жамиятимизда ҳуқуқий маданиятни юксалишини таъминлаш билан бирга сайловларнинг адолатли ва қонуний ўтишини таъминлайдиган муҳим омилдир.

Сардор Алимардонов
Олий суд бошқарма бошлиғи

Related Articles

Back to top button