Madaniyat

Ботулизмдан сақланинг!

Кунлар совий бошлаши билан ёзда ғамлаб қўйган маҳсулотлардан фойдаланишни бошлаб юборамиз. Бу мева ва сабзавотлардан тайёрланган консервалардир.

Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, помидор, бодринг, патиссон маринади, бақлажон икраси ва бошқа консерва маҳсулотларини истеъмол қилишдан заҳарланиш ҳеч гап эмас. Ботулизм овқатдан заҳарланишлар ичида энг оғир кечадиган касаллик бўлиб, айрим ҳолларда ўлим билан тугайди. Касалликнинг асосий манбаси ўтхўр ҳайвонлар ва кемирувчилар, айрим қушлар, совуққон ҳайвонлар – балиқ, қисқичбақа ва шиллиқуртлар ҳисобланади. Микроблар айни шу ҳайвонлар ичагида кўпаяди ва ташқи муҳитга чиқиб, тупроқ, ўт-ўлан ва сувни зарарлайди. Уй шароитида маҳсулотларни консервалашда санитария қоида ва меъёрларига риоя қилинмаслиги натижасида касаллик жадал ривожланади.

Ботулизм билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари инсон организмига тушиб, тўқималар ва асаб системаси фаолиятини бузади. Касалликнинг яширин даври 6-24 соатдан 6-10 кунгача узайиши мумкин. Касалликнинг бошланиши ўткир кечади. Кўнгил айниши, қайд қилиш, дармонсизлик безовта қилади. Нафас олиш ва талаффуз қилиш бузилиб, қовоқ осила бошлайди.

Ҳурматли воҳадошлар! Консерва маҳсулотларини уй шароитида тайёрламанг, кўча-кўйда сотилаётганда харид қилманг! Консерва маҳсулотларини дўконлардан харид қилаётганингизда маҳсулот ёрлиғига, яроқлилик муддатига эътибор қаратинг. Ҳар қандай консерва маҳсулотининг қопқоғи кўтарилмаганига, суюқлигининг тиниқлигига чайқатмай туриб ишонч ҳосил қилинг! Ана шундай ҳолатларнинг бирортаси кузатилса, маҳсулот истеъмолга яроқсиз бўлиб, уни ҳатто таътиб кўриш ҳам хавфли саналади. Юқоридаги тавсияларга амал қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки оила аъзоларингизни ҳам ботулизм касаллигидан муҳофаза қилган бўласиз.

Н. ИБРАГИМОВ,
вилоят ДСЭНМ овқатланиш 
гигиенаси бўлинмаси мудири

Манба: «Сурхон тонги» газетаси

Related Articles

Back to top button