Судларда комплаенс назорат тизими — шаффофлик, ҳалоллик ва юксак масъулиятнинг янги босқичи

Ҳуқуқий демократик давлатнинг энг муҳим мезонларидан бири — фуқароларнинг судга бўлган ишончи, одил судловнинг мустақиллиги ва суд ҳимоясининг самарадорлигидир.
Зеро, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган тақдирда, аввало, судни адолат қарор топадиган, ҳақиқат қарор топадиган ва қонунийлик таъминланадиган энг ишончли маскан сифатида кўради.
Шу боис суд тизимида қонунийлик, холислик, шаффофлик ва ҳалолликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш доимо устувор вазифалардан бири бўлиб келган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш ва суд тизимига замонавий бошқарув усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июндаги ПФ-106-сон «Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш ҳамда суд аппарати фаолиятида шаффофликни таъминлаш борасида янги босқични бошлаб берди.
Фармоннинг асосий мақсадлари, аввало, судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг замонавий тизимини жорий этиш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ходимларнинг касбий салоҳияти ва шахсий фазилатларини одилона баҳолаш, шунингдек, суд тизимига бўлган жамоатчилик ишончини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Бугунги кунда комплаенс назорат тушунчаси фақат коррупцияга қарши курашиш билан чекланиб қолмайди. У ташкилот фаолиятида қонунчилик талабларига, ички тартиб-қоидаларга, касб этикаси ва умумэътироф этилган ахлоқ меъёрларига риоя этилишини таъминлаш, мавжуд хавфларни олдиндан кўра билиш ва уларни бартараф этишга қаратилган тизимли ёндашувдир.
Шу маънода судларда комплаенс назоратнинг жорий этилиши — коррупция содир бўлганидан кейин уни аниқлаш эмас, балки коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган шароит ва омилларни олдиндан аниқлаб, уларни бартараф этишга қаратилган профилактик механизмдир.
Фармон билан суд тизимида коррупциянинг олдини олиш вазифалари аниқ тақсимлаб берилган.
Судьялар корпусига нисбатан ушбу вазифалар Судьялар олий кенгашининг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси томонидан, суд аппарати, жумладан, Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимларига нисбатан эса Олий суднинг Комплаенс назорат хизмати томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Бу, ўз навбатида, судья ва суд аппарати ходимларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда уларга нисбатан коррупцияга қарши профилактик назорат механизмларининг аниқ ва тизимли ташкил этилишини таъминлайди.
Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири — Олий суд аппаратида Олий суд раисига тўғридан-тўғри бўйсунувчи 3 та штат бирлигидан иборат Комплаенс назорат хизмати ташкил этилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида Комплаенс назорат хизматига тўғридан-тўғри бўйсунувчи жами 15 та комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий этилишидир.
Комплаенс назорат хизматининг вазифалари кенг қамровли бўлиб, улар суд аппарати фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, ходимларнинг касб этикаси ва қонунчилик талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш, коррупция ва суд тизими обрўсига путур етказувчи ҳолатларнинг олдини олишни қамраб олади.
Шу билан бирга, суд аппаратига ишга қабул қилиш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлаш, номзодларни белгиланган тартибда коррупцияга қарши текширувдан ўтказиш ва хулоса бериш ҳам комплаенс назорат хизматининг муҳим вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Бу талаблар суд аппаратига кадрларни танлашда янги ёндашувни шакллантиради.
Энди ходимни ишга қабул қилишда фақат унинг маълумоти, иш тажрибаси ва касбий билими эмас, балки ҳалоллиги, масъулияти, жамоада ишлаш қобилияти, маънавий-ахлоқий фазилатлари ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Фармонда меритократия тамойилига алоҳида урғу берилгани ҳам бежиз эмас.
Меритократия — ходимнинг лавозимда ўсиши унинг таниш-билишлиги, шахсий алоқалари ёки бошқа субъектив омилларга эмас, балки билим, қобилият, касбий маҳорати ва амалий натижаларига асосланишини англатади.
Суд аппаратида айнан шу тамойилнинг қарор топиши ходимлар ўртасида соғлом рақобатни шакллантиради, касбий ўсишга рағбат уйғотади ва хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашишни кучайтиради.
Фармонда инсон ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштиришга ҳам катта эътибор қаратилган.
2026 йил якунига қадар вакант лавозимларни эълон қилиш, номзодларни саралаш, танлаш ва ишга қабул қилиш жараёнларини рақамлаштиришга мўлжалланган портали ҳамда суд тизимида ходимлар билан ишлаш ва кадрлар маъмурчилигининг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган электрон платформасини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш белгиланган.
Бунда рақамли технологиялар, шу жумладан сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш назарда тутилган.
Бу янгиликлар кадрлар сиёсатида инсон омили таъсирини камайтириш, танлов жараёнларини очиқлаштириш ва муносиб кадрларни аниқлаш имкониятларини кенгайтиради.
Энг муҳими, ишга қабул қилиш жараёнида адолат ва холислик таъминланиши суд аппаратининг келгуси фаолиятига бевосита таъсир кўрсатади.
Судларда коррупцияга қарши курашиш фақат назорат ва текширувлар билан чекланмаслиги керак. Коррупциянинг олдини олишда ходимларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ва касбий этикаси муҳим ўрин тутади.
Шу боис Фармонда суд аппарати ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш вазифаси ҳам белгиланган.
Судьялар ва суд аппарати ходимларининг ҳар уч йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув курсларида малакасини ошириб бориши ҳам назарда тутилган.
Одил судлов академиясида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг бошқа кўринишларининг олдини олиш бўйича «реал кейслар»га асосланган ўқув-амалий модулларни жорий этиш белгилангани эса ходимларни назарий билим билан бир қаторда амалий кўникмалар билан таъминлашга хизмат қилади.
Фармонда манфаатлар тўқнашуви масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Манфаатлар тўқнашуви хизмат вазифаларини холис ва адолатли бажаришга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатлар мавжуд бўлган ҳолатдир.
Бундай ҳолат ўз вақтида аниқланмаса, ходимнинг қарор қабул қилишида холислик бузилиши, ташкилот нуфузига путур етиши ва коррупциявий хавфлар юзага келиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан суд аппарати ходимлари ва уларнинг оила аъзолари — турмуш ўртоғи ҳамда вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулки, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини декларация қилиш тизимларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Фармонга мувофиқ, судьялар бўйича декларацияларни тақдим этиш, текшириш ва таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизими 2026 йил 1 сентябрга қадар, суд аппарати ходимлари бўйича эса 2027 йил 1 майга қадар жорий этилиши белгиланган.
Бундай электрон тизимлар инсон омилини камайтириш, маълумотларни тизимлаштириш, таҳлил қилиш ва коррупциявий хавфларни эрта аниқлаш имконини беради. Энг муҳими, декларациялаш жараёни жазолаш воситаси сифатида эмас, балки очиқлик ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашнинг профилактик механизми сифатида қаралиши лозим.
Фармонда суд ишларини автоматик тақсимлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Бунда ишларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш мезонларининг аниқ асосларини белгилаш, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Бу талаб суд ишларини кўришда холислик ва мустақилликни таъминлаш, субъектив аралашувларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳимдир.
Шунингдек, суд аппарати ходимлари фаолиятида коррупция, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларига олиб келиши мумкин бўлган бўшлиқларни аниқлаш ва бартараф этиш, ходимлар фаолиятини мониторинг қилиш имконини берувчи коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш электрон ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси белгиланган.
Фармонда коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, пора таклиф этиш ҳолатлари ҳақида хабар бериш тизими, шунингдек, фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш назарда тутилгани ҳам эътиборга молик.
Бу механизмлар жамоатчиликнинг суд тизимидаги коррупциявий ҳолатларга нисбатан бефарқ бўлмаслигини таъминлашга хизмат қилади.
Чунки коррупцияга қарши курашиш фақат бирор бир идора ёки мансабдор шахснинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир.
Суд тизимида ҳалоллик муҳитини шакллантиришда суд аппарати ходимларининг шахсий масъулияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир ходим ўз хизмат вазифасини виждонан бажариши, фуқаролар билан мулоқотда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, хизмат ваколатидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланмаслиги ва ҳар қандай коррупциявий таклифга қатъий рад жавобини бериши лозим.
Айниқса, судга мурожаат қилган фуқаро учун суд аппарати ходими билан бўлган ҳар бир мулоқот суд тизими ҳақидаги тасаввурни шакллантиради. Шу сабабли ходимнинг муомала маданияти, хушмуомалалиги, қонунни тушунтиришдаги холислиги ва хизмат вазифасига муносабати ҳам суднинг умумий нуфузига таъсир кўрсатади.
Фармон билан суд аппарати ходимларининг касб масъулиятини янада чуқур ҳис этишлари мақсадида мансаб даражасига эга бўлган суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий этиш ҳам белгиланган. Бу нафақат ташқи кўриниш, балки хизмат мақоми, интизом ва касбий масъулиятни янада оширишга қаратилган чора сифатида аҳамиятлидир.
Умуман олганда, ПФ-106-сон Фармон суд тизимида коррупцияга қарши курашишни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжатдир. Унда назорат, профилактика, рақамлаштириш, кадрлар сиёсати, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, декларациялаш, касбий этика, ходимларни ўқитиш ва жамоатчилик билан очиқ мулоқот каби ўзаро боғлиқ йўналишлар ягона тизимга бирлаштирилган.
Фармоннинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, аввало, ҳар бир суд аппарати ходимининг ўз вазифасига масъулият билан ёндашишига боғлиқ. Қонунга риоя қилиш, ҳалол меҳнат қилиш, фуқаролар ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва коррупцияга муросасиз бўлиш ҳар бир ходимнинг касбий бурчига айланиши керак.
Зеро, судга бўлган ишонч фақат суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилиги билан эмас, балки суд тизимида ишлайдиган ҳар бир ходимнинг ҳалоллиги, маданияти ва масъулияти билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.
Бугун суд тизими олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — адолатни нафақат қарорларда, балки суд фаолиятининг ҳар бир босқичида намоён этишдир. Комплаенс назорат тизими ана шу мақсадга хизмат қиладиган муҳим институционал механизмдир.
Шу маънода ПФ-106-сон Фармоннинг моҳиятини бир жумла билан ифодалаш мумкин: судда коррупцияга қарши курашиш уни содир этганидан кейин жазолашдан кўра, унинг пайдо бўлишига имкон берувчи шароитларни олдиндан бартараф этишдан бошланади.
Суд тизимида шаффофлик ва ҳалоллик муҳити қанчалик мустаҳкам бўлса, фуқароларнинг судга, қонунга ва адолатга бўлган ишончи ҳам шунчалик юксалади. Зеро, адолатли суд — инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли кафолати, коррупциядан холи ва шаффоф суд тизими эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Президентнинг мазкур Фармонида белгиланган вазифаларнинг изчил амалга оширилиши суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, замонавий рақамли бошқарув механизмларини кенг жорий этиш ва энг муҳими, халқнинг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Шу боис комплаенс назорат тизимини жорий этишни оддий назорат механизми сифатида эмас, балки суд тизимида ҳалоллик, шаффофлик, масъулият ва адолат маданиятини шакллантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳот сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг судьяси
Худойқулов Умедилло Равшанович




