Касбим-фахрим

КИШИН –ЁЗИН ЯШИЛЛИККА БУРКАНГАН ДАРАХТ

Дарахтларнинг хаётимиздаги ўрни бекиёс. Дарахтлар борки, инсонга куч-қувват бахш этса, айримлари қон босимини маромига келтириб, юрак ва асаб тизими фаолиятига яхши таъсир кўрсатади. Дарахтлар атрофнинг санитария-гигиена ҳолатини яхшилайди, кучли шамолларни қайтаради, ўзидан зарарли микробларни ўлдирувчи фитонцидлар ишлаб чиқаради. Ўсимликлар дунёси ҳаёт учун зарур кислороднинг асосий манбаидир. Тадқиқотларга қараганда, бир гектар ердаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратар экан.  Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Маълумотларга кўра, тўртта дарахт бир кишининг кислородга бўлган кунлик эҳтиёжини қондиради. Биргина арчани олиб карайлик.  Арча бир жинсли, бир ёки икки уйли, шамол ёрдамида чангланувчи, игнабаргли ўсимлик ҳисобланади. Унинг 2-3 ёшли кўчати экилади, март-май ойларида эса гуллайди. Баъзи турлари тропик ҳудудлардаги тоғларда ҳам учрайди. Арчанинг хўжаликдаги аҳамияти ғоятда катта. Ёғочи меъморлик, ўймакорлик ва қалам ясашда ишлатилади. Баъзи турларидан хушманзара ўсимлик сифатида ҳам фойдаланилади. Арчасимон дарахтлар қишин-ёзин яшилликка бурканган бўлади. Натижада йил бўйи чангни ютиб, ҳавони тозалаб туради. Аммо, бир хил зараркунандалар борки, атрофлари нинача бўлган ўсимликка зарар етказади. Унинг олдини олиш соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифа саналади.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан жорий йилнинг 14 мартидан 8 апрелига қадар арча унсимон қуртига қарши қураш максадида “Долзарб 15 кунлик” эълон қилинди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари вилоятимизда хам йўл бўйлари, ўрмон хўжаликлари ва бошқа яшил майдонларда парвариш қилинаётган игна баргли ва бошқа манзарали дарахт ва буталарга катта зарар етказаётган арча унсимон қурти зараркунандасига қарши кураш ишлари олиб борилмоқда.

Сурхон воҳасида қурт тарқалган жой ва майдонларни аниқлаш,  ҳамда ушбу ҳудудларда касаллик тарқалиши мумкин бўлган кўчатларни бошқа бир ҳудудга юборилишини қатъиян тақиқлаш, зараркунандалар аниқланганда зудлик билан касалликни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш ишлари амалга оширилмоқда.

“Арча унсимон” қуртини, аввало, ички карантин аҳамиятига молик зараркунанда сифатида рўйхатга олиб, тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда бу жойлардан арча кўчатларини бошқа жойга кўчириш мумкин эмас. Зараркунанда билан жиддий шикастланиб қуриш ҳолатига келиб қолган дарахтларни кесиб, унсимон қурт кенг тарқалмаслиги учун уларни ўша жойнинг ўзида ёқиш шарт. Қолаверса, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш (фосфорли, азотли, микроэлементлар Мастер, Кропшелд, Вегрутлар билан озиқлантириш) лозим.

Кузатишларга кўра, ҳозирги пайтда иқлим ўзгариши ва ҳароратнинг меъёрдан ортиқ даражада кўтарилиши туфайли “Арча унсимон” қурти касаллиги тез ривожланиш ҳоллари кўпаймоқда. “Арча унсимон” қурти зараркунанданинг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказади ва улар барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Катталиги 2-3 миллиметр бўлган бу қурт сарғиш, қизғиш, кулранг тусда бўлиб, март-апрель ойларида пайдо бўлади. Уларнинг тухум қўйиши май-июнь ойларида кузатилиб, ўртача 280 тагача тухум қўяди.

Зараркунандага қарши курашда унинг тухумдан личинка очиб чиқиш даврида кимёвий препаратларни қўллаш юқори самара беришини инобатга олиб кимёвий ишловларни шу даврларда бошлаш керак. Фитосанитария назорати кучайтирилиб, қишлоқ хўжалиги экинларини арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказадиган «Арча унсимон» қуртидан самарали ҳимоя қилиш ва манзарали дарахтларни  сақлаб  қолиш чоралари кўрилмоқда. Иш жараёнида соҳанинг малакали мутахассислари томонидан «Арча унсимон» қуртларига қарши курашиш учун барча чоралар кўрилиб, тафсиялар бериб борилмоқда.

Акрам Абсаматов, вилоят  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи  ўринбосари.

Даврон Мирзақулов, вилоят  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи.

Related Articles

Back to top button