Агентлик раҳбари “Томорқа мактаби”да навбатдаги мулоқотини ўтказди

Сурхондарё вилоятининг барча туманларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. Бу каби ташаббуслар ҳудуд иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташридан сўнг бу борадаги ишлар кўлами янада жадаллашиб кетди.
Ташриф давомида аграр тармоқни ривожлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва маҳсулот қиймат занжирини мустаҳкамлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Маълумки, бугунги кунда жаҳон бозорида экологик тоза ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Мамлакатимиз иқлим шароити, ер ва меҳнат ресурслари жиҳатидан рақобатбардош маҳсулот етиштириш имкониятига эга. Бироқ экспорт салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун фақат маҳсулот ҳажмини оширишнинг ўзи етарли эмас. Бу борада тадбиркорларга кўмак бериш, уларни қўллаб — қувватлаш зарурати янада ошмоқда.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Агентлиги раҳбари Иброхим Эргашев Сурхондарё вилоятида бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи экспортчилар билан навбатдаги очиқ мулоқотини ўтказди.
Термиз туманидаги “Томорқа мактаби”да ўтказилган самимий руҳда ўтган мулоқотда тадбиркор учун логистика тизимини такомиллаштириш, совутгич омборлари ва замонавий қадоқлаш инфратузилмасини кенгайтириш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Чунки маҳсулотни сифатли сақлаш ва узоқ масофаларга етказиш экспорт самарадорлигининг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Тадбир давомида Агентлик раҳбари тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масалаларни тинглади. Тадбиркорлар ўз фаолиятлари ҳақида гапириб, тажрибада учраётган вазиятларини биргаликда муҳокама қилишди.
Сурхондарёлик экспортчи компаниялар вакиллари маҳсулот сифати юқори бўлишига қарамасдан, айрим ҳолларда қадоқлаш ва маркировка талабларига мос келмаслик экспорт жараёнини секинлаштираётганлигини айтиб, Агентлик раҳбаридан маслаҳат ва кўмак сўради. Шу муносабат билан замонавий қадоқлаш технологияларини жорий этиш ва экспортчиларга амалий кўмакни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Учрашувда Иброхим Эргашев экспортни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар амалга оширилаётганини билдирди. Хусусан, ташқи бозорлар кенгаётганлиги билан бир қаторда бу борада ўзига хос талаблар мавжудлиги ўрганилиб, соҳада маслаҳат хизматларини кенгайтириш, сертификатлаш жараёнларини соддалаштириш ва экспорт инфратузилмасини яхшилаш режалаштирилгани айтилди.
Шу жойнинг ўзида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси мутахассислари томонидан Сайёр кўчма лабаратория имкониятлари ҳам намойиш этилди. Воҳалик тадбиркорлар учун ташкил этилган очиқ мулоқотда Агентлик раҳбари хориж тажрибаси ҳақида алоҳида тўхталди. Айниқса, мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва қуритилган озиқ-овқат турларига ташқи бозорларда талаб юқори. Бироқ маҳсулот сифати қанчалик яхши бўлмасин, уни тўғри қадоқламасдан туриб экспортда юқори натижага эришиш қийин. Шу боис қадоқлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, — деди И. Эргашев. Дарҳақиқат, замонавий технологиялар асосида ташкил этилган қадоқлаш тизими экспорт ҳажмини оширишга, иқтисодий фойдани кўпайтиришга ҳамда мамлакат маҳсулотларининг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.








