“УДДАБУРОН” ДЕҲҚОН
Шоли курмаксиз бўлмаганидек, маҳалла-кўйда “уддабурон” дехқонлар ҳам учраб турибди. Улар ҳар қандай йўл билан бўлсада томорқадан мўмай даромад олишни орзу қилишади ва ана шу ўй-хаёллар билан жиноят кўчасига киришади.
Бойсун туманидаги “Чароғон” маҳалласида яшовчи Ғаниев Вали Набиевич худди мана шундай инсонлар тоифасидан чиқиб қолди. У томорқасида таркибида гиёҳванд модда бўлмиш наша ўсимлигини экиб, астойдил парваришлай бошлади. Орзулари бир дунё эди. Бироқ орзуларини рўёбга чиқаришга Бойсун туман ИИБ ходимлари йўл қўйишмади.
2024 йил 11 ноябрь куни туман ИИБ ходимлари томонидан “Қорадори-2024” тадбири ўтказилди. Тадбир давомида Ғаниев Вали хонадони ва томорқаси ҳам холис гувоҳлар иштирокида текширилди. Валибой томорқасида ёнғоқ ва анор дарахтлари орасида 2 туп наша ўсимлигини ўстираётганлиги аниқланди. В.Ғаниевнинг таъкидлашича, наша уруғини марҳум отасидан олган экан.Отаси унга оғриқ қолдиришда кони фойда, дея таъриф берганмиш. Шунинг учун наша экиб парваришлаш билан шуғулланиб келарэкан.
—Оёғим оғрийди, ўзим учун экиб, парваришлаб келаман. Наша чекишимни ҳечким билмайди ҳатто оиламдагилар ҳам,—дейди уддабурон деҳқон”.
Қилмиш-кидирмиш, деганларидек Ғаниев Валига ҳам қилмишига яраша қонуний жазо тайинланди.
Сурхондарё вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси А.Саъдуллоев