Ўзбекистон

ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИ

Ҳар йили 30 июль куни Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни нишонланади, ушбу кун БМТ Бош Ассамблеясининг 2013 йил18 декабрда “Одам савдосига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни такомиллаштириш” мавзусида қабул қилинган резолюцияси билан расман тасдиқланган.

Одам савдоси оғир жиноят ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Ҳар йили минглаб эркаклар, аёллар ва болалар ўз мамлакати ва чет элларда одамфурушлар тўрига тушадилар. Дунёнинг барча мамлакатлари, хоҳ бу инсоннинг туғилган юрти, хоҳ транзит ўлкаси ёки миграцияда бўлиш мамлакати бўлсин, одам савдосидан азият чекишмоқда.

2000 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини ҳамда Одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, бартараф этиш ва уни жазолаш тўғрисидаги Протоколни қабул қилди, ушбу ҳужжатлар 2003 йилнинг охирида кучга кирди. Протокол одам савдосини жиноят деб ҳисоблайдиган ягона халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатишни таъминлаш, ушбу турдаги жиноятчиликни бартараф этиш бўйича мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласида дунёдаги биринчи воситадир. Ҳозирги пайтда 148та мамлакат Протокол иштирокчилари ҳисобланишади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида Одам савдосига қарши курашиш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш ва халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича ҳаракатлар режалари қабул қилинмоқда.

2022 йил 7 июнь куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Фуқаролар одам савдоси тўғрисида: хабардорлик, сабаблар, оқибатлар ва унга қарши курашиш» мавзусида мамлакат аҳолиси ўртасида мажмуавий, бевосита юзма-юз, планшетли сўров ўтказишни бошлади, унда тасодифий табақалаштирилган танлов усулидан фойдаланилади. Сўровнинг мақсади одам савдоси ва қуллик каби жиноятлар, ушбу жиноий фаолиятнинг сабаб ва оқибатлари, одам савдоси ва одамфурушлар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишда самарали фаолиятни таъминлаш учун мамлакатда давлат, ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш нодавлат ташкилотлари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида мамлакатимиз фуқароларининг хабардорлик даражасини ўрганиш ҳисобланади.

 

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг архивариуси   А.Эшмуратов

Related Articles

Back to top button