Ўзбекистон

Содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 286 нафар шахслар афв этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз икки йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 286 нафар шахслар афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 109 нафари асосий жазодан озод этилди, 116 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 25 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 36 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 39 нафарини аёллар, 22 нафарини 60 ёшдан ошган эркак, 30 нафарини чет давлат фуқаролари, 3 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчиларини ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Related Articles

Back to top button