Ўзбекистон

АФҒОНИСТОНДАН АНОР ИМПОРТ ҚИЛИШ РЕЖАЛАШТИРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўшни Афғонистон билан дўстона ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари доирасида икки давлат ўртасида иқтисодий ва гуманитар алоқалар изчил ривожланмоқда. Ушбу ташаббуслар Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам муайян ҳисса қўшмоқда. Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти билан Афғонистоннинг ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янги босқичда ривожланмоқда. Куни – кеча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи Афғонистонлик тадбиркорлар воҳамизда бўлишди.

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов ҳамда бошқарма ташқи карантин бўлими бошлиғи Юсуф Тошболтаевлар билан ўзаро ҳамкорликни янада  мустаҳкамлаш мақсадида  мулоқот ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, эндиликда афғон тадбиркорлари томонидан анор ва бир қанча қишлоқ хўжалик маҳсулотларини  ўзбекистон бозорларига импорт қилиш режалаштирилган.

Бўлиб ўтган учрашувда  юртимиз бозорларига кириб келаётган мева-сабзавотларнинг фитосанитар ҳолати, уларга қўйиладиган  карантин талаб ва тамойиллари, хужжатларни расмийлаштириш жараёнлари, мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича  импорт  шартномаларини тузиш,  импорт  ва транзитга тааллуқли барча тартибга солиш талабларини бажариш мақсадида стандартлаштирилган маълумотлар ва ҳужжатларни ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этиш  масалалари муҳокама қилинди. Жараёнда афғонистонлик тадбиркорлар томонидан яқин кунларда юртимиз ички бозорларига анор меваси кириб келиши режалаштирилгани  айтилди. Энди ушбу маҳсулот  воҳамиз  орқали  юртимизнинг бир қатор бозорларига йўл олади. Бу эса ички бозорларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имкони беради.

Мазкур ҳамкорликнинг амалий давоми сифатида Термиз халқаро савдо марказида Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошлиғи Усмон Туропов ва Афғонистон тадбиркорлар  делегацияси учрашуви ташкил этилди.

Учрашув доирасида экспорт – импорт фаолиятига оид ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, анорчилик ва қуритилган маҳсулотлар экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида  музокаралар ўтказилди. Делегация аъзолари Термиз халқаро савдо марказининг фаолияти, мавжуд имкониятлар билан танишдилар.

Музокаралар якунида Сурхондарё вилояти Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошлиғи Усмон Туропов ва Афғонистон ташқи савдо билан шуғулланувчи компаниялар  ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларга эришилди.

Related Articles

Back to top button