Касбим-фахрим

МАЪМУРИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАШНИНГ МАҚСАДИ

Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.

Улар хизмат вазифаларини кеча-кундуз узлуксиз бажарадилар. Фуқаролар дам олиш кунлари, тунги вақтларда дам олаётганда ички ишлар органлари ходимлари уларнинг тинчлигини, уй-жойи ва мол-мулкининг дахлсизлигини таъминлайдилар.

Аммо шундай кишилар борки, улар ички ишлар органларининг туну-кун ишлайдиган ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб ёлғон маълумот билан ёрдам сўрашади. Оқибатда ўз хизмат вазифасини бажараётган ходимлар вақтини беҳудага ўтказиб уларнинг сохта мурожаатлари билан шуғулланадилар.

Жумладан, Шўрчи тумани “Озод” маҳалласида яшовчи КАА Ички ишлар органининг “102” рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб яшаш уйидан 210.000 сўм ўғирланганлигини айтди. Олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида К.А.А. нинг пули ўғирланганлиги тўғрисидаги маълумоти ёлғон эканлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Шўрчи тумани “Кўклам” маҳалласида яшовчи фуқаро К.С.Т. ҳам 2023 йил 24 март куни Ички ишлар органининг “102” рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб яшаш уйидан 10.000.000 сўм ўғирланганлигини айтди. Олиб борилган дастлабки суриштирув жараёнида К.С.Т. нинг пули ўғирланганлиги тўғрисидаги маълумоти ёлғон эканлиги маълум бўлди.

Ҳар иккала фуқаролар ўзининг ҳаракатлари  билан  Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 199-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

Суд фуқароларнинг содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлик иши судда кўриб чиқилиб, улар огоҳлантирилди. Фуқаролар содир этган ҳуқуқбузарликларидан пушаймон эканлигини билдирдилар ва бошқа ҳуқуқбузарлик содир этмасликка ваъда бердилар.

Аслида ҳам, маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди архивариуси А.Эшмуратов

Related Articles

Back to top button