Ўзбекистон

“Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади

Президентимиз кичик бизнесга янги имкониятлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда микро-бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Натижада бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркорлар пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда.

Лекин кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида қулай муҳит ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмади, деди давлат раҳбари.

Кичик тадбиркорлар “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий қилинади.

Бунда, ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.

Бунинг учун, энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади.

Жумладан, банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес марказлари ташкил этилади. Марказлар ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади, тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.

Ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини энг қулай шартларда молиялаштириш йўлга қўйилади.

Бунда, кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция киритса, 45 фоизига “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг ўзи, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади.

Кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади. Ушбу маблағларнинг 150 миллион доллари бўйича кредит линиялари 1 октябрдан очилади.

Ўз бизнесини йўлга қўя олган, “кредит ва солиқ тарихи” тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида олиб кириладиган асбоб-ускунани суғурталаш, хом-ашё ва материалларни сертификатлаш харажатлари марказлар томонидан қоплаб берилади.

Умуман, дастурда иштирок этаётган кичик бизнес корхоналари фаолиятини уч йилгача текширишга йўл қўйилмайди.

Related Articles

Back to top button