Касбим-фахрим

Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-833-сонли қонунига асосан маъмурий суд йўналишидаги муҳим ислоҳолотлар

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 26 апрелдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-833-сонли қонунига асосан маъмурий суд йўналишидаги муҳим ислоҳолотлар.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги” Қонуннинг 861-моддасига ўзгартириш киритилиб, илгарилари иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган иқтисодий судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга, қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда шикоят берилиши мумкин бўлса, эндиликда давлат ижрочисининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан давлат ижрочиси жойлашган ердаги маъмурий судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга берилиши белгиланди.

Маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларга талаб судга тааллуқлилик қоидаларини бузган ҳолдатопширилган аризаларни қайтариш амалиётига барҳам берилди.

Бунда суд, агар талаб судга тааллуқли бўлмаса, ариза ва ҳужжатларни қайтармасдан, суднинг ўзи тегишли судга юбориши белгилаб қўйилди.

 Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга “Суднинг фаол иштироки” деган модда киритилди.

Эндиликда, суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплайди, шунингдек маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажаради.

Илгари иқтисодий судларда кўриб чиқилган маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиш ваколати маъмурий судларга ўтказилди.

Шунингдек, аризачи ушбу моддада кўрсатилган ариза (шикоят) билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли эканлиги, ушбу моддада кўрсатилган талаблардан алоҳида тарзда билдирилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судда ёки иқтисодий судда кўриб чиқилиши лозимлиги ҳақидаги норма янгитдан киритилди.

Қайд этилган қонунга кўра, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексга яна муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, бундан асосий мақсад мамлакатимизда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, шунингдек фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, мансабдор шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ фаолият юритишини таъминлашга қаратилган.

А.Абдулакимов     

Термиз туманлараро маъмурий судининг раиси

Related Articles

Back to top button