Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши ва жамоатчилик иштироки принципи
Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципи: ЖПКнинг 19-моддасида мустаҳкамланган ва унинг мазмуни Конституциянинг 26-моддасидаги талабларга мос келади. Ушбу талабларга кўра одил судловнинг барча босқичларида жиноят ишлари ошкора муҳокама этилади. Фақат ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек уларнинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этган ҳолларда бошқа ишларни ҳам суд томонидан ажрим чиқариб, ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.
Суд муҳокамаси ошкоралигининг муҳим белгиси шундаки, у судда иштирок этаётган тарафларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар томонлама ва тўлиқ амалга ошириш имконини таъминлайди. Фақат очиқ суд муҳокамасида айбловчи жиноий қилмишда судланувчининг айбдорлигини ошкора, оммавий тарзда исботлаш, шу билан ўзи тасдиқлаган айблов хулосасининг асосли эканлигини намоён қилиш имконига эга бўлади. Айбловчининг ошкора суд муҳокамасидаги фаолияти унинг жиноятчиликка қарши курашдаги манфаатларига ҳам мос келади.
Ошкора суд муҳокамаси заминида судланувчининг ҳам ўзига хос процессуал манфаатлари ётади. Бундай тартибдаги суд муҳокамаси судланувчи ва унинг ҳимоячисига тенг ҳуқуқли тараф сифатида айблов тарафининг хулосаларини муҳокама этиш, уларни инкор этиш ва ўзи келтирган далилларнинг асосли эканлиги ҳақида фикр билдириш, хуллас, судланувчининг ҳимоя ҳуқуқларини суднинг барча қатнашчилари ҳузурида ошкора амалга оширишга имкон беради.
Хулоса қилиб айтганда, инквизицион суд тартибини ўрнини эгаллаган, янги цивилизацион очиқ суд муҳокамаси тартиби – тарафларнинг тенглиги асосида уларнинг суд муҳокамасида ошкора ҳуқуқий тортишув олиб боришлари учун катта имкониятлар яратади.
Жиноят ишларини юритишда жамоатчиликнинг иштироки (ЖПКнинг 21-моддаси) суд муҳокамаси элементларини тўлдирувчи ва унга алоҳида демократик урғу берувчи принципдир. Қонун жиноят ишлари юритишда жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячисининг штирок этишига йўл қўяди. Бу субъектлар суд муҳокамасида қарама-қарши манфаатларни ифода этадилар. Уларнинг бошқа иштирокчилар билан процессуал тенглиги ҳуқуқий жиҳатдан таъминланган. Тортишувга асосланган суд муҳокамасида жамоат айбловчиси муайян процессуал функцияни амалга оширади. У айбланувчини жиноий қилмишда айблар экан, аввало суд муҳокамасига ўзи вакил қилинган жамоа манфаатини кўзлаган ҳолда киришади. Жамоат ҳимоячиси эса ўзи вакил қилинган жамоа манфаатини ҳимоя қилиш билан бирга судланувчининг жиноий қилмишда айбсиз эканлиги масалалари доирасида фаолият кўрсатади.
Жиноят ишларини юритишда жамоат вакилларига айбловчи ҳамда ҳимоячи сифатида иштирок этиш ҳуқуқининг берилиши содир этилган жиноий қилмишнинг характери ҳамда айбланувчининг (судланувчининг) ўша қилмишда айбли ёки айбсизлиги масаласига улар вакиллик қилаётган жамоанинг муносабати, айбланувчининг (судланувчининг) мазкур жиноий қилмишдаги ҳаракати ва унинг ошибати даражаси каби масалалар доирасида жамоа фикри ҳамда қарашларини суд минбаридан туриб баён этиш имконини беради. Аммо, бу субъектлар суд муҳокамасида судланувчининг жиноий қилмишида айбли ёки айбсиз эканлиги ҳақида шахсий фикр ва мулоҳазаларни билдириш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Бу эса, тортишувнинг демократик мазмунини янада чуқурроқ ифода этади, тарафларнинг ҳуқуқий тортишувларини знада мукаммаллашишига туртки бўлади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Ж.Х.Примов