Маданият

Коррупцияга қарши курашишда бирлашайлик!

Кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида илгари очиқ эълон қилинмайдиган маълумотлар ошкоралиги таъминлангандан сўнг мамлакатимизнинг ривожига тўсиқ бўлаётган энг катта иллатлардан бири коррупция экани маълум бўлиб қолди.

Президентимиз бу ҳолатни танқид қилиб, халқимизни коррупцияга қарши аёвсиз курашишга чақирди. 2017 йил 3 январ куни Президентимиз томонидан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Шунингдек, 2020 йил 29 июн куни Президентимизнинг ПҚ-4761-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилди.

Олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Охирги икки йилда коррупцион ҳолатлар билан боғлиқ жиноятларни содир этган 1 986 та мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳам бу иллатга қарши муросасизлик, коррупцияга тоқатсизлик кайфиятини кўрсатади.

Transparency International томонидан тузилган Коррупцияни идрок этиш индексида 2019 йилда Ўзбекистон тегишли кўрсаткичлар бўйича 2018 йилга нисбатан 5 поғонага кўтарилди.

Ҳуқуқ устуворлиги индексида (Rule of Law Index) коррупциядан холилик алоҳида индикатор сифатида баҳоланади. Мазкур рейтингда, 2019 йилда 126 та давлат ичида 94 ўринда қайд этилган бўлсак, 2020 йилда 128 та давлат орасида 92 ўринга муносиб кўрилдик.

Коррупция юртимизда бир йилда пайдо бўлган иллат эмас, йиллар давомида ҳаётимизга кириб келиб, томир отган бу зарарли иллатни таг-томири билан қуритиш учун аҳолининг барча қатлами вакиллари биргаликда курашиши лозим, акс ҳолда бу иллат танамиздаги узоқ давом этадиган касаллик каби зўрайиб, бир куни  ўзининг фожеали қилмишини намоён этади.

Коррупцияга қарши курашишда бепарволик эса бу иллатнинг ривожланишига йўл очиб бераверади. Аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, кенг жамоатчиликнинг коррупцияга қарши курашувчи идоралар фаолияти тўғрисидаги ва шу соҳадаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси тўғрисидаги фикрларини ўрганиб коррупцияга қарши курашиш механизмини янада такомиллаштириш учун муҳим аҳамиятга эга.

Коррупцияга  қарши курашиш учун ҳаётда катта тажрибага эга ёши улуғ   отахонларни, ғайратли, журъатли ёшларимизни, турли соҳада меҳнат қилувчи  фуқароларни жалб қилиш юксак самара беради.

Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар қисқа муддатларда катта натижаларга эришишимизга асос бўлди, коррупцияга қарши курашиш ҳам яқин йилларда ўз самарасини беришига ишонамиз.

Related Articles

Back to top button