Касбим-фахрим

Ўзбекистонда агрокластерлар бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга зарурат бор

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг барча тармоқлари каби, қишлоқ хўжалигида ҳам чуқур таркибий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни вақтда, ҳозирги мураккаб ва қалтис давр дунё миқёсида аграр соҳанинг ҳал қилувчи ўрни ва аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатиб бермоқда. Мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни янада ошириш энг муҳим масалага айланмоқда.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, қишлоқ аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилаш, манфаатдорлигини таъминлаш масалалари бевосита қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг замонавий усули — кластерлар тизими билан боғиқ. Таъбир жоиз бўлса, ушбу янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи куч — драйверига айланди.

Кластернинг афзаллик томонлари нимада? У қайси омиллар ҳисобига ривожланяпти? Кейинги йилларда катта эътибор қаратилаётган қишлоқ хўжалигининг мазкур йўналиши ўзини қай даражада оқлаяпти?

Кластер — бу хом ашё етиштиришдан бошлаб то қайта ишланган тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёнларни қамраб олган бир бутун тизим. Кластер — бу қўшилган қиймат занжирининг барча иштирокчилари (фермерлар, қайта ишловчи корхона, экспортёр)ни бир мақсад сари жамлаган корхоналар гуруҳидир.

Унинг мақсади:

  • маҳсулот етиштиришдан бошлаб тайёр истеъмолга қадар қайта ишлаш жараёнларини қамраб олиш, қўшилган қиймат занжирини яратиш ва якунида олинадиган тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга йўналтириш;
  • маҳсулот етиштиришда замонавий инновацион технологияларни жалб қилиш орқали агротехник тадбирларни янгилаш, ҳосилдорликни бир неча баробарга ошириш;
  • оптимал харажат қилиб, кўп даромад олиш, маҳсулот етиштирувчиларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш;
  • маҳсулот етиштирувчилар моддий-техник базасини замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва ускуналари билан бойитиш, уларга хизмат кўрсатишни ва инфратузилма объектларини янгилашдан иборат.

Бу тизим деҳқонлар, аграр соҳа вакилларига янгича замонавий услубда ишлашни ўргатади. Маҳсулот экишдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик тизимга бирлаштирган ишлаб чиқаришнинг янги мажмуаси илм-фан ютуқларини, янги инновацион технологияларни амалиётга жорий этишга ҳам кенг йўл очиб беради.

Жаҳон тажрибаси

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, агросаноат кластерлари фаолияти қонун (норматив-ҳуқуқий ҳужжат) билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган. Мазкур муносабатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар асосида, жумладан шериклик шартномаси, қишлоқ хўжалиги субъектларининг кооперацияга бирлашиши орқали амалга оширилади.

Канадада кластер деганда фермер хўжаликлари шериклик шартномаси асосида (масалан, Онтарио провинциясида фермерларнинг 30 фоизи шериклик шартномаси асосида фаолият юритади) ёки бир нечта фермерлардан иборат инкорпорациясига ёхуд йирик қишлоқ хўжалиги корпорацияларга бирлашган ҳолда фаолияти тушунилади.

Шу билан бирга, жаҳон тажрибасида кластерларнинг шаклланиш мақсадига кўра олтита модели мавжуд:

  • Италия модели — кичик фирмаларнинг катта ассоциациялар билан рақобатбардошлигини ошириш учун ўзаро бирлашиши;
  • Япония модели — кўплаб етказиб берувчиларнинг интеграциялашган йирик етакчи фирма атрофида шаклланадиган ишлаб чиқариш занжири. Бу модель технологик жиҳатдан мураккаб маҳсулотлар ишлаб чиқиришга қаратилган;
  • Финляндия модели — юқори технологияли инновацияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни таълим ва тадқиқот билан интеграция қилиш, корхоналарни миллийлаштириш мақсадида бизнес ва институтлар бирлашуви. Бу модель табиий ресурслари кўп бўлмаган кичикроқ мамлакатлар учун мос келади;
  • Шимолий Америка модели — корхоналар ўртасидаги аниқ рақобат билан тавсифланиб, ишлаб чиқариш жараёнида яқин алоқаларни ўрнатишни назарда тутмайди. Бу модель кластердаги етказиб берувчилар ўртасидаги рақобат туфайли, шунингдек, оммавий ишлаб чиқариш туфайли бош компания якуний маҳсулотнинг паст нархига еришиш имкониятига эга бўлади;
  • Ҳинд-Хитой модели — бу моделда давлат асосий рол ўйнайди. Асосий эътибор чет эл инвестицияларига қаратилган бўлиб, улар замонавий технологияларни олиб келинишини ва давлатнинг жаҳон бозорларига чиқишини таъминлайди;
  • Собиқ Иттифоқ модели — бозор муносабатлари ва рақобат минималлаштирилган ҳолда, ишлаб чиқариш йирик фирмаларда тўпланади. Бу модель аҳоли зичлиги паст ва кам ривожланган минтақаларнинг саноатида қўлланилади.

Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, кластерлар фаолиятини инновацион қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни инновация мактаблари, институтлар, марказлар ва бошқа шу каби муассасалар билан узвий боғлиқлиги таъминланади. Бу эса, кластерлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришда инновацияни жорий этиш, шунингдек мамлакатнинг жаҳон бозорига чиқишида рақобатбардошлигига олиб келади. Хусусан, Финляндияда инновацияни кластерлар билан интеграциясини таъминлаш мақсадида, бир қанча тадқиқот муассасалари тузилган.

Қонунчиликни такомиллаштириш зарурати

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда кластерлар бўйича Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган бўлиб, муайян кластерларни ташкил этиш ва уларга ер ажратишни назарда тутади. Амалда фаолият юритаётган кластерларнинг таҳлили соҳада қуйидаги тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатади:

  • соҳани тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас;
  • кластерларнинг ҳуқуқий мақоми норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган;
  • кластерларни ташкил этиш, уларни танлаб олиш мезонлари, шунингдек, уларга ерларни ажратишнинг ягона ва шаффоф механизмлари мавжуд эмас;
  • Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кооперацияларни шакллантириш тизимининг мавжуд эмаслиги; қишлоқ хўжалиги кооперацияси соҳасида ахборот-маслаҳат хизматлари тизимининг кенг тарқалмаганлиги, соҳанинг ривожланишини мустаҳкамлашга лаёқатли ҳамда малакали мутахассисларнинг етишмаслиги;
  • қишлоқ аҳолисининг кооперацияси тўғрисидаги билим даражасининг етарли эмаслиги;
  • ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва эркин бирлашишга руҳий (психологик) жиҳатдан тайёр эмаслик, хўжалик юритишда ўз-ўзини бошқариш кўникмаларининг етишмаслиги;
  • кооперация тузилмаларини ташкил этишга агробизнеснинг ҳиссадорлик корхоналари, хусусий тадбиркорлари ва воситачилари томонидан қарши таъсир ва рақобатнинг мавжудлиги.

Шундан келиб чиққан ҳолда, «Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди.

«Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратиш, кооперативлар фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, хўжалик субъектлари учун муносабатларни муфассал ҳуқуқий тартибга солишга ёрдам беради.

Қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини ташкил топиши умумманфаатлар, муаммолар, мақсадлар ёки вазифалар тамойили бўйича жисмоний ёки юридик шахсларнинг бирлашиши алоҳида долзарблик касб этади.

Қишлоқ хўжалик кооперативи аграр секторда тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан, ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчигача бўлган тизимни такомиллаштириш учун дастак ҳисобланади.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини тартибга солувчи нормаларни ягона ҳужжатда унификация қилиш ва тизимлаштириш, ушбу соҳасидаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, қонун ҳужжатларидаги зиддиятлар ва бўшлиқларни бартараф этишга эришилади.

Қонун лойиҳаси йирик кооперацияларни ташкил этиш, улар фаоиятини мувофиқлаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш бўйича рағбатлантирувчи чора-тадбирларни қўллаш масалаларини кўзда тутади.

Шунингдек, «Агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги қарор лойиҳасида агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш назарда тутилмоқда. Унда:

  • агросаноат кластерининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда;
  • агросаноат кластери фаолияти учун ер участкалари 30 йилдан 50 йилгача муддатга ижара ҳуқуқи асосида захира ерлар, бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилиши назарда тутилмоқда;
  • қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини агросаноат кластерларига мажбурий тартибда бириктириш амалиёти бекор қилинмоқда;
  • қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига республиканинг исталган ҳудудидаги агросаноат кластерлари билан шартнома тузиш ва уларга маҳсулот етказиб бериш ҳуқуқи берилмоқда;
  • агросаноат кластерларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шаклларини белгиланмоқда;
  • агросаноат кластерлари фаолиятини мониторинг қилиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юкланган ҳолда, унинг механизмлари белгиланмоқда;
  • агросаноат кластери мақомини бекор қилиш, ерга ижара ҳуқуқини бекор қилиш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши орқали агросаноат кластерларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритишини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратишга, кластерларини ташкил этишда ваколатли давлат ва маҳаллий ҳокимият органларини ҳамда кластерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгиланишига ҳамда агросаноат кластерларини фаолиятини самарали йўлга қўйишда давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ер ажратиш, молиялаштириш масалаларида кўмаклашишни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга эришилади.

Related Articles

Back to top button