Зарурият бўлганда шогирдни жазолаш фойдалими?
Ўхшаш сурат
Бундан ўттиз йиллар муқаддам Дўстмуҳаммад домла (охиратлари обод бўлсин!) мени чақириб 12 ёшлардаги бир болани кўрсатиб: “Шу болага уйингиздан жой берасиз, ўз фарзандларингиз қатори тарбия берасиз. Дарсдан бўш пайтлари биздан сабоқ олади. Имкониятларини яратиб беринг”-деди. Устознинг гапини қайтариб бўлмасди, чунки у зот қишлоқ аҳлининг барчасининг феъл-атворини, имкониятини яхши биларди. Болани уйдан бир хона ажратиб бердим. Мактабдаги ўқишини суриштирдим. Афсус, ҳаттоки исмини ҳам тўғри ёзолмас экан. Отасиз қолиб, онаси болалар тарбияси билан шуғулланиш имкони бўлмагач, устозга топширган экан.
-Домла бу бола кирилчада исмини тўғри ёзолмас экан, қандай қилиб арабчани ўрганади, -дедим.
-Уёғини ўзимиз бажарамиз, Сиз ҳам шу бола уйингизга қайтгач, унинг сабоғини текшириб туринг, баҳонада ўзингиз ҳам савод чиқариб оласиз.-деди кулиб. Ўша-ўша муллаваччанинг дарсини кузатиб, ўзим ҳам бошланғич дарсларни ўрганиб бордим. Устоз қандай қилиб зеҳни жуда паст бўлган болага уч ой ичида куфий хатда чиройли, хатосиз ёзишни ўргата олганига ҳайрон қолдим. Кунлардан бир куни боланинг дарс олишини ўз кўзим билан кўриш учун домланинг ҳужрасига бордим. У ерда бу болага ёши катта муллаваччалар сабоқ бераркан, агар ўзлаштиролмаса қайта дарс бераркан, ялқовлик қилса жазоларкан. Ўша бола тўрт йилда араб тилида бемалол гаплашадиган бўлди, Қуръоннинг салкам ўн порасини ёд олди. Мактабни ҳам аъло баҳолар билан битирди. Юксак аҳлоқ эгаси бўлиб етишди. Бунинг бир сабаби зарурият бўлганда ўринли жазолаш эди…
Юқори синфга ўтганимизда тарих фани ўқитувчиси О.Мўминов бизга синф раҳбари бўлди. Ўқитувчимиз шунчалар қаттиққўл эдики, у киши синфхонага кириши билан синфхонада пашша учса билинадиган даражада тинчлик ҳукмрон бўларди. Ўқувчилардан биронтаси дарс тайёрламай келса, ҳолига маймунлар йиғларди. Устоз дарс ўтар экан, ҳамма ўқувчи диққат билан тингларди. Дарсга ҳамма бирдек тайёргарлик кўриб келарди. Барибир ҳафтада биронтамиз калтак ердик. Ҳозиргача у киши ўтган дарс ёдимизда, орадан қирқ йилдан ортиқ вақт ўтса ҳам! Демак, зарурият бўлганда жазолаш лозим экан.
Ҳозирги пайтда ўқитувчи ўқувчига танбеҳ берса ҳам телефонда тасвирга тушириб, ижтимоий тармоқларга чиқариб юборишмоқда. Бу билан улар устознинг таъзирини бериб қўймоқчи бўладилар. Таълим соҳасига маслаҳат берувчиларнинг сони кўпайгандан кўпаймоқда. Умрида таълим соҳасига алоқадор битта китобни мукаммал ўқимаганлар , неча йиллаб шу соҳанинг машаққатли меҳнатини бошидан кечирган тажрибали устозларга ақл ўргатмоқчи бўладилар. Ўз фарзанди билан бир соат бирга дарс қилишга ҳафсала қилмайдилар.
Яна кимдир мактабни битирганлар олий ўқув юртларига кира олмаётганидан нолийдилар. «Мен ҳам ўрта мактабда ўқиганман, ўзим кириш имтиҳонларидаги тестларни еча оламанми?» деб ўзига савол бермайди. Аксинча, мактабдан норози, устоздан норози.
Ижтимоий тармоқларда шов-шув тарқатиб фарзандларимиз таълим-тарбиясини юксак дараража етказа олмаймиз, фақат устозлар билан маслаҳатлашиб, уларнинг ёрдамида кўзланган мақсадга эришишимиз мумкин. Бу менинг фикрим, Сиз нима дейсиз?
Оловжон