Бепул овқат ва «бонус» бераётган Жиззахдаги хотамтойларнинг «сахийлиги» қонунийми?…

Жиззах вилоятидан кесиб ўтадиган М-39 йўлининг «Жиззах ош» ҳудудидан ўтувчи қисмида турли хил ошхоналарнинг рўпарасида ёш йигитлар кундузи қўлида қизил латта, кечқурун фонарларни силкитиб йўлда келаётган ҳайдовчиларни ошхонасига таклиф этишиб туришини шу йўлдан ўтувчи барча кўрган.
Ундан ташқари «Сардоба» ЙПХ постида ҳам қўлларига ошхона номи ёзилган ташриф қоғозини машинангизга ташлаб юборишади. Ташриф қоғозини ўқисангиз йўловчилар билан ошхонага ташриф буюрган ҳайдовчиларга овқатланиш 100 фоиз бепул эканлиги қайд этилган. Ундан ташқари 5 литрлик идишда кунгабоқар ёғи ва «Фреш» ичимлиги ҳам текинга «Бонус» сифатида берилиши кўрсатилган.
Биз ҳам шу ошхоналардан бирига кириб овқатландик, арзон таомлардан еганимига қарамасдан беш киши учун 450 минг сўм ҳисобланди.
Ҳайдовчимиз ошхона официантига менга бонус керакмас, ортиқча ҳисобланган пулларни қайтаринг дегандан сўнг ошхона официанти 180.000 сўмни қайтариб бериб кетди. Ҳайдовчи кулиб: «Бу ерда ҳайдовчига 100.000 сўмлик бонус бериш учун йўловчилар истеъмол қилган таом нархини икки баробар орттириб ҳисоблашади. Менга бировнинг ҳақи керакмас. Шунинг учун бонусни рад қилиб ортиқча ҳисобланган пулларингизни қайтариб олиб бердим. Баъзи таксичилар йўловчиларни шу ердаги таниш ошхоналарига олиб киришади ва йўловчиларнинг чўнтагини шиладилар»-деди афсус билан.
М-39 йўлининг «Жиззах ош» ҳудудидаги ошхона ходимлари йўловчилардан яшириб, истеъмол қилинган таомлар нархини ошириб ҳисоблаб уни амалдаги қонунчиликка зид равишда ҳайдовчиларга текин овқат ва «бонус» сифатида ёғ ва бошқа моддий бойликлар бериши неча йиллардан бери очиқ давом этаётган бўлсада, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи масъул шахслар эътибор қилмаяптилар ёки уларга ҳам бепул овқат ва «БОНУС» беришаяптимикан-а?
Йўлчибой










