Kasbim-faxrim

СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Термиз халқаро савдо маркази  қулай ишбилармонлик муҳити ва логистикани яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ва тадбиркорлар учун зарур шароит яратиш мақсадида  барпо этилган. Бугун ушбу марказ минтақада савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб улгурди.

“Термиз Халқаро савдо маркази” МЧЖда  қўшни Афғонистонлик эскпортчилари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари савдосини йўлга қўйишда  савдо кўламини янада яхшилаш, карантин остидаги махсулотни олиб кириш, олиб чиқиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш,сақлаш, ташиш, реализация ҳамда йўқ қилишга доир фитосанитария талабларининг мазмун ва моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида икки кунлик семинар-тренинг  ташкил этилди.

Унда   Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Ташқи карантин назорати  бўлим бошлиғи ўринбосари  Ғ.Ражабов,Ташқи карантин назорати бўлими бош мутахассиси Ш.Қобилов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Абсаматов, жахон бозоридаги  Авғонистон вакили  Саид Зокиршох,  вилоят божхона бошқармаси мутасаддилари ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилот вакиллари  иштирок этди. Таъкидландики,  халқаро ҳамкорликни кучайтириш орқали экспорт ҳажмлари нисбатан қиммат бозорларга йўналтирилади. Шу мақсадда Агентлик томонидан ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш, фитосанитар тоза маҳсулотлар етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турлари бўйича қўлланилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини экспорт қилиш учун ўзига хос  талаблар хусусида Ташқи карантин назорати бўлими бош мутахассиси Шерали  Қобилов маърузаси тингланди. Унда Ўсимликлар карантини қоидалари, фитосанитар талаблар карантин назорати остидаги маҳсулотлар рўйхати ва уларни тозалаш тартиб-тамойиллари тушунтирилди.

Таъкидландики, юқори сифатли ва хавфсизлик кўрсаткичлари талабларига жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб ва етказиб бера олсак, жаҳоннинг ҳар қандай мамлакатига экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, музлатилган ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти географиясини кенгайтириш имкониятлари ҳам ўрганилди. Қўшни афғонистон орқали  экспорт қилинаётган аччиқ қалампир, анжир, анор маҳсулотлари фитосанитар талаблари ҳам слайдлар орқали намойиш этилди.

Семинарда Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси давлат карантин инспекторлари ҳам иштирок этди.  2 кунлик тренинг дастури доирасида Ўзбекистоннинг фитосанитария талаблари ва карантин назорати остидаги маҳсулотлар, божхона назорати ва расмийлаштириш жараёнлари, техник регламентларга риоя қилиш Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ва экспорт учун махсус талаблар каби масалалар муҳокама қилинди. Ушбу семинар-тренинг  икки давлат ўртасидаги экспорт-импорт жараёнларини жадаллаштиришга, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Related Articles

Back to top button