Madaniyat

БОЛАЛАРДА АНЕМИЯ: КАСАЛЛИКНИ ОЛДИНИ ОЛИШДА ДАСТЛАБКИ ЧОРАЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Ёш болаларда камқонлик муаммоси ижтимоий аҳамиятга эга. Боланинг тўғри ривожланиши, тенгдошларидан жисмонан ва ақлан орқада қолмаслиги учун бу касалликка бефарқ бўлмаслик керак. Ушбу касаллик борасидаги саволларимизга Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, олий тоифали шифокор Назокат Орипова жавоб беради.

— Анемия ташхисини қўйиш учун қандай текширувлар ўтказилади?

— Болада камқонлик белгиларини сезган ота-она, энг аввало, қон текширувларини амалга ошириши зарур. Қондаги эритроцитлар ва гемоглобин сонининг кўрсаткичлари орқали ташхис қўйилади. Гемоглобин миқдори 110 г/л дан эритроцитлар 3,5 х 10¹² г/л дан кам бўлса, анемия ташхиси қўйилади. Бу кўрсаткич анемиянинг енгил даражасига тегишли. Ўртача анемия қуйидаги кўрсаткичлар билан белгиланади: гемоглобин 90 г/л дан кам, эритроцитлар 2,5х10¹² г/л гача, оғир даражадаги камқонликда эса 70 г/л дан кам, эритроцитлар 2,5х10¹² г/л дан кам бўлади. Болада камқонлик аниқланганда нафақат гематолог, балки гастроэнтеролог, нефролог ва педиатларга ҳам мурожаат қилиш ҳоллари учрайди.

— Камқонликни даволаш даврида нималарга аҳамият қаратилади?

— Камқонликни даволашнинг босқичлари тўлиқ шифокор назорати остида ўтиши лозим. Агар болада анемиянинг енгил кўриниши кечаётган бўлса, темир моддасига бой бўлган овқатлар ва қўшимча витаминлар берилади. Такрорий камқонлик юзага келмаслик учун ушбу жараённи тўхтатмаслик зарур. Рационда мол гўшти жигари, дуккакли экинлар, денгиз маҳсулотлари, янги сабзавот ва мевалар, кўкатлар ўрин олиши керак. Темир препаратлари ва витаминлари кўрсатилган дори-дармонларни шифокор тайинлайди.

— Анемияни олдини олиш борасида қандай тавсиялар берган бўлар эдингиз?

— Темир танқислиги камқонликнинг асосий сабаби эканлигини ҳисобга олсак, тўғри овқатланишнинг аҳамияти жуда катта. Бола туғилмасиданоқ олдинроқ ҳомиладор аёллар соғлом овқатланишга, етарлича ухлаб дам олишга эришиши зарур. Илк 6 ойликда она сутига қўшимча овқатлар қўшиб бориш зарур. Катта ёшдаги болалар учун турли хил овқатланиш балансини ташкил қилиш керак. Чақалоқларни иложи борича очиқ ҳавода бўлиши ва қуёш ванналарини қабул қилдирилиши муҳимдир. Агар бу етарли бўлмаса, витамин-минерал комплекслари ва таркибида темир моддаси сақловчи препаратлардан фойдаланиш мумкин. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, темир организмга яхши сўрилиши учун С витамини жуда зарур. Сут, чой ва кофе каби маҳсулотлар эса темир моддасини сўрилишига қаршилик кўрсатади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Related Articles

Back to top button