Madaniyat

СУЯК ЖАРОҲАТЛАРИНИНГ АСАБ ТОЛАЛАРИ БИЛАН ҚАНДАЙ АЛОҚАСИ БОР?

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази болалар травматологияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Искандар ХЎЖАНОВ билан суҳбат.

— Бугунги кунда болалар ўртасида тирсак-бўғин жароҳатлари кўп учраяпти. Ушбу жароҳатларни даволаш борасида тиббиётимиз қандай салоҳиятга эга?

— Тўғри, тирсак бўғин жароҳати болалар ўртасида бошқа жароҳатларга қараганда кўп учрамоқда. Бундай бемор зудлик билан болалар травматологи кўригидан ўтиб, тиббий стандартлар бўйича муолажа олиши керак. Акс ҳолда, бемор ногирон бўлиб қолиши мумкин. Ҳозирги кунда бундай жароҳатлар босқичма-босқич даволанади. Бу жараёнда Илизаров аппаратидан фойдаланиб, жароҳат жойи кесилмай, тортиб тўғриланади. Бу бемор вужудида деярли оғир асорат қолдирмайди.

— Болаларда остеопороз касаллигини келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида маълумот берсангиз?

— Бола организмида минераллар камайиши, туғма диспластик касалликлар, баъзи суяк бўғим касалликларнинг нотўғри даволаниши кейинчалик боланинг суяги мўртлашишига олиб келади. Шу ўринда яна бир муаммони ҳам айтиб ўтишни истардим. Илгари тиббиётда суякдаги кичик синишлар уч ҳафтада битади, деган қараш бор эди. Бугунги тиббий кузатувлар бу қараш у қадар тўғри эмаслигини кўрсатаяпти. Аксарият шундай жароҳат олган беморларнинг тузалиши анча чўзилаяпти. Жароҳатланган аъзони кўпроқ вақт гипсда сақлашга зарурат туғилаяпти.

Узоқ вақт гипсда туриб ҳаракатланишдан қолган аъзода модда алмашинув ва бошқа жараёнларга зарар етади. Натижада иккиламчи касалликлар келиб чиқиши мумкин. Бу муаммо тиббиётимиз олдига жароҳатни кам муддатга гипслаш ва даволашни такомиллаштириш вазифа қўймоқда.

— Суяги жароҳатланган беморларда асаб толаларга ҳам шикаст етиши мумкинми?

— Инсон вужуди шундай мукаммал яратилганки, ҳар бир аъзонинг ўз ўрни, ўз вазифаси бор. Жумладан, суякларимиз бизга узоқ йиллар хизмат қилиши учун бутун вужудимиздаги, айниқса, суякларга туташган асаб толалари ҳам соғлом бўлиши керак. Агар суякка жароҳат етса, унга яқин жойлашган асаб толалари ҳам бундан зарар кўрмай қолмайди. Шу боис суяк жароҳатларини тўлақонли даволаш ишлари кўп ҳолатларда нейрожарроҳ, невропатолог шифокорлар билан ҳамкорликда олиб борилади. Ҳозирги кунда тиббиётимизда бу йўналишда электронейромиография усули кириб келиши касалликка аниқ ташхис қўйиш ва беморни соғлом ҳаётга қайтаришда катта имконият бўлмоқда.

— Суяк чиққан ёки синган ҳолатларда табибларга мурожаат қилиш ҳолатлари кўп учрайди. Бу тўғрими?

— Бу нотўғри, чунки, суяк жароҳатлари жуда мураккаб хусусиятларга эга. Бундай ҳолатда жароҳат организмнинг қайси аъзоларига қай даражада зарар етказганига аниқ ташхис қўймасдан бирор натижага эришиш қийин. Ҳозир кўпгина табибларимиз бу масалага анча жиддий ёндашади. Яъни, беморга шифохонага боришни тавсия этадилар. Бироқ, кўпгина ота-оналар бу тавсияларга риоя қилмайди. Натижада боланинг суяги чиққан жойида кучли оғриқ бошланади. Баъзида жиддий касалликлар ҳам ривожланган бўлади. Бундай вазиятда беморни даволаш узоқ чўзилиши мумкин. Оилаларга борганингизда бу ҳақда ота-оналарга такрор-такрор тушунча беришингиз фойдадан холи бўлмайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Related Articles

Check Also

Close
Close